Кўп йиллар давомида бутун Марказий Осиёни ёнилғи билан таъминлаб келган Россия илк бор ўзи ёқилғи танқислигига дуч келган мамлакатга айланиб қолди. Украина томонидан нефтни қайта ишлаш заводларига берилган зарбалар ортидан Москва нефть маҳсулотлари экспортига чекловларни кучайтирди. Бу қарорнинг таъсири эса Бишкек, Остона, Тошкент ва Душанбеда яққол сезилмоқда.
Россия Федерацияси ҳукумати бензин экспортига тўлиқ тақиқни илк бор 2025 йил 31 август куни нархларнинг кескин ошиб кетиши сабабли жорий этганди. 2026 йил январь ойи охирида ушбу тақиқ бензин ишлаб чиқарувчи нефть компаниялари учун бекор қилинди, аммо воситачилар учун сақлаб қолинди. Бироқ, 2026 йил 2 апрелдан бошлаб тақиқ яна ишлаб чиқарувчиларга ҳам татбиқ этилди. Шу кундан эътиборан бензин экспорти бозорнинг барча иштирокчилари учун тўлиқ ёпилди. Ҳозирча ушбу чеклов 2026 йил 31 июлгача узайтирилган.
30 майдан бошлаб авиация керосини экспортига ҳам эмбарго жорий этилди ва у 2026 йил 30 ноябргача амал қилади. Ҳукумат дизель ёнилғиси экспортини ҳам тўлиқ тақиқлаш масаласини муҳокама қилмоқда. Бироқ, 2026 йил 29 июнь куни Бош вазир ўринбосари Александр Новак дизель бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаганини маълум қилди. Мамлакат ичида эса чекловлар аллақачон қатъийлаштирилган. Элликдан ортиқ ҳудудда автотранспортга бир мартада 30–40 литрдан ортиқ ёнилғи қуйишга лимит жорий қилинган. Қримда эса аҳолига бензин ва дизель сотуви бутунлай тўхтатилди.
Россия жорий этган экспорт тақиқи бошиданоқ Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларга етказиб беришга татбиқ этилмаган. Бу иттифоқ таркибига Россия билан бирга Қирғизистон, Қозоғистон, Арманистон ва Беларусь киради. Бироқ, бу имтиёз фақат ҳукуматлараро битимлар доирасида амалга ошириладиган етказиб беришларга нисбатан қўлланилади. Расман Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган Ўзбекистон эса Россия бензинини 2023 йил ноябрь ойида имзоланган икки томонлама ҳукуматлараро битим асосида импорт қилади. Шу сабабли Россиянинг амалдаги экспорт чекловлари Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмаяпти.
Бироқ, бу ҳуқуқий истиснолар ортида амалдаги жиддий чеклов яширинган. 2025 йил октябрь ойидан Россия ҳукумати истиснолар рўйхатини ўзгартирди. Энди Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари, Абхазия ва Жанубий Осетияга ёнилғи етказиб бериш эркин тарзда эмас, балки фақат индикатив баланслар ва ҳукуматлараро битимларга илова қилинган баённомаларда олдиндан белгиланган ҳажмлар доирасида амалга оширилиши мумкин. Бошқача айтганда, қўшни мамлакатлар ҳужжатларда кўрсатилган миқдордагина ёнилғи олади ва бир литр ҳам ортиқ эмас. Россиянинг ўзида ёнилғи танқислиги кучайган сари эса ҳатто шу белгиланган ҳажмларни таъминлаш ҳам тобора қийинлашмоқда.
Асосий муаммо расмий тақиқнинг ўзида эмас, балки ёнилғининг жисмоний танқислигидадир. Июнь ойининг иккинчи ўн кунлиги охирига келиб, бир қатор нефтни қайта ишлаш заводлари фаолияти тўхтагани сабабли Россияда бензин ишлаб чиқариш ҳажми тахминан чоракка қисқарди.
Қирғизистон учун бу масаланинг аҳамияти айниқса катта. Мамлакат ёнилғининг деярли барчасини Россиядан олади. Республика Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда йилига тахминан 1,6 миллион тонна ёнилғи-мойлаш материаллари истеъмол қилинади. Шундан 90–95 фоизи Россиядан импорт қилинади. Бензин бўйича эса Россиянинг улуши қарийб 100 фоизга етади.
2026 йил учун тахминан 1,5 миллион тонна нефть маҳсулотларини божсиз етказиб бериш квотаси келишиб олинган. Унга 650 минг тонна бензин, 550 минг тонна дизель ёнилғиси ва 150 минг тонна авиация керосини киради.
Ҳозирча мамлакат расмийлари вазиятга хотиржам қарамоқда. Қирғизистон нефттрейдерлар ассоциацияси раҳбари Канат Эшатовнинг таъкидлашича, «Барча маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Захираларимиз бир ярим ойдан ортиқ муддатга етарли». Шу билан бирга, у мамлакатда АИ-95 ва АИ-98 маркали бензин танқислиги сезилаётганини ҳам тан олди. Энг кўп истеъмол қилинадиган АИ-92 бензини ва дизель ёнилғиси бўйича ҳозирча муаммо йўқ. Ёқилғи қуйиш шохобчаларида тақчиллик кузатилмаяпти, нархларнинг кескин ошиб кетишининг олди эса давлат томонидан тартибга солиш орқали олинмоқда. Чегаравий нархлар сентябрь ойи охиригача белгиланган бўлиб, Бишкекда АИ-92 бензинининг бир литри 79,90 сомдан сотилмоқда.
Энг катта зарба эса Россия ёнилғисига мутлақ қарам бўлган мамлакатларга тегмоқда. Мутахассислар фикрича, минтақада энг заиф давлатлардан бири ҳисобланган Тожикистонда 2025 йилда импорт қилинган нефть маҳсулотларининг 84 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган. Мамлакатда бензин ва дизель нархлари аллақачон ошган, аммо ҳукумат бу ҳолатни аниқ сабабларни айтмасдан, «ташқи омиллар» билан изоҳламоқда. Ўзбекистонда эса авиация керосини танқислиги туфайли Uzbekistan Airways Россияга амалга ошириладиган бир нечта рейсларни бекор қилишга мажбур бўлди. Маҳаллий иқтисодчилар эса ёнилғи етказиб беришнинг муқобил манбаларини зудлик билан излашга чақирмоқда.
Қизиғи шундаки, айнан шу пайтда Россиянинг ўзи Қозоғистондан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Reuters агентлиги маълумотига кўра, Москва ички бозордаги ёнилғи танқислигини юмшатиш мақсадида тахминан 50 минг тонна АИ-92 бензинини импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бироқ, Остона бу борада расмий сўров бўлганини инкор этмоқда. Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженов 2026 йил 26 июнь куни «Россия томонидан ҳеч қандай расмий мурожаат бўлмаган», дея баёнот берди. Шу билан бирга, у Қозоғистоннинг ўзида ҳам айни пайтда авиация керосини етишмаётганини таъкидлади. Бундан ташқари, Қозоғистон ҳам нефть маҳсулотлари экспортига чекловлар киритди. 2026 йил 1 июлдан 31 декабргача мамлакат Евроосиё иқтисодий иттифоқидан ташқари давлатларга бензин, авиация керосини ва дизель ёнилғисини экспорт қилишни тақиқлади. Шу билан бирга, Остона учинчи мамлакатлардан, аввало Хитойдан ёнилғи импорт қилиш учун бож ставкаларини бир йил муддатга нол даражага туширишни режалаштирмоқда.
Шундай қилиб, Марказий Осиё учун вазият икки хил маъно касб этмоқда. Ҳуқуқий жиҳатдан Россиянинг экспорт тақиқи Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги қўшни давлатлар ҳамда Ўзбекистонга татбиқ этилмайди ва ҳукуматлараро битимлар доирасидаги етказиб беришлар расман давом этмоқда. Лекин, Россиянинг минтақа учун асосий энергетика таъминотчиси сифатидаги анъанавий ўрни илк бор жиддий синовга дуч келди. Россиянинг ички бозорида танқислик кучайган сари индикатив балансларда назарда тутилган ҳажмларни таъминлаш тобора қийинлашмоқда. Натижада қўшни давлатлар олдиндан муқобил таъминот манбаларини излашга мажбур бўлишмоқда — Хитой бензинидан тортиб, Озарбайжон ва Туркманистон авиация керосинигача.
Бу йилги ёз Бишкек, Тошкент ва Душанбега муҳим бир сабоқ берди ва у бензин экспортига қўйилган тақиқнинг ўзи эмас, балки ягона етказиб берувчига ҳаддан ташқари қарамлик қанчалик қимматга тушиши мумкинлигини англаш бўлди.
-
01 Июнь01.06Голодомор энди йўқ, аммо «ёрқин келажак» борҚозоғистон Президенти қатағон қурбонлари ҳақида бирорта ҳам сўз ишлатмади -
16 Февраль16.02Оловли, қизил ва гўзалҚандай қилиб от хитойликлар тавимида бебаҳо ҳайвонга айлангани ҳақида -
21 Январь21.01Булбул гул ишқида ёнгани кабиМарказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми? -
22 Декабрь22.12СуратТокио драйвиЯпония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади -
22 Декабрь22.12Бегона стандартРоссия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади -
18 Декабрь18.12Олтовлон учун сакэМарказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор



