Ўзбекистон компанияси Афғонистондаги Тути-Майдон газ конини ўзлаштиришни бошлади

rta.af сайти фотосурати

14 сентябрь куни Афғонистон шимолидаги Тути-Майдон конида газни қидириш ва қазиб олиш лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон президентининг Афғонистондаги махсус вакили Исматулла Иргашев, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодир Сидиқов, Ўзбекистон Энергетика вазири ўринбосари Бахтиёр Маматкаримовлар бор эди. Афғонистон томонидан «Толибон»* ҳукуматининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Барадар ва Афғонистон Кончилик ва нефть вазири Ҳидоятуллоҳ Бадри иштирок этди.

Барадарнинг қайд этишича, лойиҳанинг ишга туширилиши Афғонистоннинг минтақа мамлакатларига сармоя киритишга тайёрлигини кўрсатади. Унинг сўзларига кўра, ишларнинг амалга оширилиши углеводородлар ва электр энергияси импортига қарамликни камайтиради, иш ўринларини яратади, валюта сизиб чиқишини камайтиради ва газ экспорти учун базани шакллантиради.

Amu.tv хабарига кўра, лойиҳа билан 2024 йил октябрь ойида ўн йиллик шартнома имзолаган Ўзбекистоннинг Eriellcom компанияси шуғулланади ва биринчи йилда лойиҳага 100 миллион доллар сармоя киритади. Tolonews хабарига кўра, ушбу лойиҳа бўйича шартнома «AERL Group ва KAM Energy Company» билан 25 йил муддатга имзоланган. Олдинроқ Исматулла Иргашев мазкур лойиҳа билан Eriell KAM Ўзбекистон-Афғонистон қўшма компанияси шуғулланиши ҳақида хабар берган эди.

ℹ️ Тути-Майдан табиий газ кони Афғонистон шимолидаги Жузжон ва Фарёб вилоятларида жойлашган бўлиб, тахминан 7 минг квадрат километр майдонни эгаллайди. Бу кондаги газ захиралари қарийб 3 триллион куб метрга баҳоланмоқда. Лойиҳага киритиладиган инвестициялар ҳажми 1 миллиард долларни ташкил этади ва у ўн йил давомида киритилади.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

  • Ўзбекистон Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларига хавфсизлик муаммоларини иқтисодиёт орқали ҳал этишни таклиф қилди

  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • Блогер Умид Ғофуров мулозимлар қандай қилиб бир пайтлар кўм-кўк бўлган шаҳарни чўлга айлантираётганларини кўрсатади

  • Тожик ва ўзбек журналистлари Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлиги истиқболларига доир фильмни суратга олдилар