Ўзбекистон пойтахтида 100 та «ақлли» чорраҳа ва бир нечта сунъий кўллар пайдо бўлади

bugin.info сайти фотосурати

Тошкент шаҳар ҳокимлигига келаси йили ягона светофорни бошқариш марказига эга бўлган 100 та «ақлли» чорраҳа ташкил этиш, тадбиркорлар билан 30 мингта автомобиль тўхташ жойи қуриш, шунингдек, бир нечта сунъий кўллар барпо этиш топширилди. Бундай режалар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан республика пойтахтини ҳар томонлама ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари метропол транспорт тизимига катта эътибор қаратди. Юнусобод ва Яшнобод туманларида 300 та бекатни реконструкция қилиш, 40 километр пиёдалар ва 20 километр велойўлакларни қуриш, 100 километр автомобил йўлларини таъмирлаш, йўл ўтказгич ва тоннель қуриш зарурлигини қўшимча қилди. Шу билан бирга, шаҳар ҳокимлигига 200 та электробус сотиб олиш вазифаси юклатилди.

Республика раҳбари эслатиб ўтишича, яқин кунларда Тошкент шаҳрида ҳар бир кўча ва чорраҳадаги тирбандликни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қиладиган ягона транспорт тизимини бошқариш маркази ишга туширилади. Бу тирбандлик ва йўл-транспорт ҳодисалари олдини олишга хизмат қилади.

2026 йили пойтахтга киришдаги 2 та назорат пости шаҳар ташқарисига кўчади, 3 таси реконструкция қилинади. Бу ерларда камида 3,5 мингта юк ва 5,5 мингта енгил автомобиль учун тураргоҳлар ҳамда аҳоли учун кемпинглар барпо этилади.

Асосийси, бу нуқталарга жамоат транспорти тармоғи боғланади. Пойтахтга келаётган меҳмонлар автомобилини шу ерда қолдириб, тез ва хавфсиз жамоат транспортида ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Президент экология масаласи жуда долзарб эканини таъкидлади. Шу муносабат билан шаҳарнинг тўртта ҳудудида сунъий кўллар ва сув ҳавзалари қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қурилиш ишларини бошлаш мутасаддиларига топширилди. Келаси йил 1 июнгача ҳар бир туманда 5 километрли 3 тадан сояли сайр кўчалари фойдаланишга топширилади. Ҳар 10 та маҳалла учун 1 тадан яшил боғ барпо қилиш бўйича алоҳида дастур бошланади.

2026 йилда шаҳарда 18,5 километр канал қирғоқлари мустаҳкамланади. Бу жойларда ҳам яшил ҳудудлар ва сайилгоҳлар ташкил қилишни ҳозирдан ўйлаш зарурлиги қайд этилди. Чирчиқ дарёсининг 16 километр қисмини мустаҳкамлаш ҳисобига қўшимча 800 гектар очилади. Бу ерларда ҳам 200 гектарда «яшил белбоғ», 250 гектарда ички йўллар, сайилгоҳлар, пиёда ва велойўлаклар қурилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Шаҳар дренаж тизимининг мастер-режаси ишлаб чиқилиб, келгуси йилдан қурилиш ишлари бошланиши эълон қилинди. Дастур доирасида 150 километр ёпиқ дренаж тизимини қуриш, 197 километр канал ва коллекторларни таъмирлаш, 63 километр янги каналлар барпо қилиб, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш режалаштирилган. Бундан ташқари ёмғир сувини йиғадиган 17 та иншоот барпо қилинади. Бу сувлар дарахт ва яшил ҳудудларни суғоришга ишлатилади.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги барча коммунал хизматлар нохуш ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этиш учун кечаю кундуз ишлашга ўтади.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига орттириб бажарилган даромаднинг маҳаллий бюджетга қайтариладиган қисмидан 20 фоизини туманларга тақсимлаш ваколатини бериш, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимларига маҳаллий кенгашлар билан келишган ҳолда бўш маблағларни депозитга қўйишга рухсат этиш таклиф қилинди.

«Маҳалла еттилиги» самарадорлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан келгуси йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи мазкур бошқарув органлари тўлиқ ҳокимликка бўйсунади. Чунки маҳалла ҳисобот билан эмас, балки одамларнинг оғирини енгил қилиш билан шуғулланиши зарур, деди республика раҳбари.

«Пойтахт – давлатнинг сиёсий, маъмурий, иқтисодий ва маданий маркази. Пойтахтни бошқариш, ривожлантириш ва муҳофаза қилиш бўйича ўзига хос ёндашувлар бўлиши керак», — деди Мирзиёев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ