Ростов вилоятидаги қамоқхонада ўзбекистонлик маҳкумлар томонидан режалаштирилган терактнинг олди олинди

life.ru сайти фотосурати

Ростов вилояти Федерал хавфсизлик хизмати бошқармаси (ФХХБ) қамоқхонада уч нафар ўзбекистонлик маҳкум томонидан режалаштирилган терактнинг олди олинганини маълум қилди, деб хабар беради РИА Новости.

ФХХБ маълумотларига кўра, гумондорлар Россия ва бир қатор мамлакатларда тақиқланган «Ислом давлати» (ИД ИШИД) террорчи ташкилоти тарафдорлари бўлган. Учаласи ҳам оғир жиноятлар содир этгани учун жазо ўтамоқда. Улардан бири қотиллик, иккинчиси гиёҳванд моддалар савдоси ва учинчиси қасддан оғир тан жароҳати етказишда айбланган.

Гумондорлар қамоқхона ходимларини гаровга олиб, қамоқхона биноларига ўт қўйишни режалаштиришган. Улар батафсил ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишган, аммо уни амалга ошира олмаганлар. Тинтув пайтида улардан «чархланган пичоқлар» ва тахминга кўра террорчи ташкилот байроғи тасвири туширилган мато парчалари топилган.

Терактга уриниш бўйича жиноий иш қўзғатилган.

▶️ Ўтган йили ёзда Волгоград вилоятидаги жазони ижро этиш колониясида тўрт нафар маҳбус қамоқхона ходимларини гаровга олишга муваффақ бўлган. Пичоқ ва болға билан қуролланган маҳбуслар қамоқхона бошлиғи, унинг ўринбосари ва бошқа бир нечта ходимларга ҳужум қилишган. Натижада тўрт нафар қамоқхона ходими ҳалок бўлган, яна бир нечта хавфсизлик ходимлари ва маҳбуслар яраланган.

Жиноятчилар Ўзбекистон ва Тожикистонда туғилган ва ИШИД тарафдорлари бўлган. Гаровга олинганларни озод қилиш учун улар 2 миллион доллар, вертолёт ва ҳаво йўлагини талаб қилишган. Росгвардия махсус кучларининг ҳужумидан сўнг, гаровга олинганлар озод қилинган, аммо қўзғалон қўтарган маҳбуслар ўлдирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ