2025 йили Ўзбекистондаги тергов органлари салкам 16 000 кишини асоссиз айблаган

kun.uz сайти фотосурати

2025 йили Ўзбекистон судлари 15 992 кишига нисбатан асоссиз айбловларни қайта кўриб чиқди. Терговчилар томонидан қўйилган айбловлар бекор қилинган ёки енгилроқ айбловларга ўзгартирилган, деб хабар беради Республика Олий суди матбуот хизмати.

Ҳисобот даврида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 79 554 нафар шахсга нисбатан 63 177 та жиноят иши кўриб чиқилган. Судланганлар сони 63 340 нафарни ташкил этган, улардан 18 816 нафари озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.

Бундан ташқари, судлар 422 кишини оқлаган ва реабилитация қилган. Яна 8085 киши озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар туфайли ҳукм чиқарилгандан сўнг дарҳол суд залидан озод қилинган. 993 киши шартли равишда озод қилинган. Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 13 224 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.

Судланган шахсларнинг 55 829 нафари эркак, 7 511 нафари аёл, 23 973 нафари ёшлар (шу жумладан 2 431 нафари вояга етмаган) ва 2 830 нафари 60 ёшдан ошган шахслар бўлган.

Кўриб чиқилган ишларнинг аксариятини фирибгарлик, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ва ўғирлик билан боғлиқ бўлган. Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, тақиқланган экинларни етиштириш, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар кўриб чиқилган.

Жиноят ишларининг салмоқли қисми Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Самарқанд ва Наманган вилоятларида кўрилган.