Навоий аэропорти Uzbekistan Airports давлат компанияси бошқарув тизимидан чиқарилади

yuz.uz сайти фотосурати

Навоий халқаро аэропорти давлатга қарашли Uzbekistan Airports компаниясининг марказлаштирилган операцион бошқарув тизимидан чиқарилади. Аэропорт бошқарувига йўловчи ва юк ташиш рейслари, шунингдек, транзит ва техник тўхташлар учун маҳаллий ва хорижий авиаташувчилар билан мустақил равишда шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади. Ушбу ташаббус 2 февраль куни Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда авиация корхоналарини трансформация қилиш га бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Навоий халқаро аэропортининг асосий кўрсаткичлари 2025 йилда 2024 йилга нисбатан ўсганига қарамасдан, ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш бўйича максимал қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Шунингдек, аэропорт инфратузилмаси, техника парки, юк ва йўловчи терминалларини модернизация қилиш, фаолият жараёнларини рақамлаштириш зарур.

Республика раҳбарига Навоий халқаро аэропортини ривожлантириш бўйича бизнес-режа тақдим этилди. Унга кўра, тижорат ва ноавиацион фаолият кўрсаткичлари 50 фоизга оширилади, 25 тадан ортиқ авиакомпанияларнинг доимий парвозлари йўлга қўйилиб, қайта ишланадиган юк ҳажми 20 минг тоннадан оширилади.

Аэропорт ҳудудида ҳаво кемаларига техник ва тижорат хизматлари кўрсатишга ихтисослашган «порто-франко» эркин божхона зонасини ташкил этиш таклиф қилинди.

2029 йил 1 январга қадар ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун олиб кириладиган махсус техника ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан озод қилинади. Шунингдек, ҳудуддаги меҳмонхона аэропорт тасарруфига ўтказилади.

Йиғилишда авиация саноати корхоналарини ислоҳ қилиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва ихтисослаштирилган электр транспорт воситаларидан фойдаланиш орқали эксплуатация харажатларини камайтириш зарурати таъкидланди.

2026 йилдан бошлаб Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари томонидан носоҳавий фаолиятни молиялаштириш тўхтатилиши белгиланди. Uzbekistan Airports фаолияти 18 та, Uzbekistan Airways фаолияти эса 16 та устувор вазифа асосида амалга оширилади. Жумладан, корхоналарда хизматлар сифатини ошириш орқали рақобатбардошликни мустаҳкамлаш, хизмат ва маҳсулот таннархини ҳисоблашда мақбул методологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларининг барча босқичларини рақамлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Трансформация доирасида ташкилий тузилмаларни қайта кўриб чиқиш, штат бирликларини мақбуллаштириш, халқаро кредит рейтингларини ошириш, IPOга чиқиш ҳамда корпоратив халқаро облигацияларни жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

Йиғилишда авиация соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш масалалари, жумладан, Фуқаро авиацияси университети ва унинг қошида авиация техникумини ташкил этиш ишларининг бориши кўриб чиқилди. Таълим муассасалари АҚШнинг Embry-Riddle, Франциянинг ENAC халқаро авиация таълим марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Университетда борт кузатувчи, авиация техникаси бўйича мутахассислар ва механиклар каби амалий касблар билан биргаликда учувчилик, муҳандислик, ҳаво ҳаракати диспетчерлиги, бошқарув бўйича ҳам кадрлар тайёрлаш ва илмий дастурлар йўлга қўйилади.