МҲОда медаль билан тақдирланган ўзбекистонлик ўз юртида уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Наманган вилоятининг Поп тумани жиноят ишлари бўйича суди 55 ёшли ўзбекистонликни Украинада Россия томонидан ўтказилаётган махсус ҳарбий операцияда (МҲО) иштирок этгани учун уч йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Uznews.uz нашри суд матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Иш материалларига кўра, 2022 йил август ойида эркак ишлаш учун Россияга кетган ва у ерда қийин молиявий аҳволда қолган. У ихтиёрий равишда Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик шартнома имзолаган. 2023 йил 5 июнда у ҳарбий қисмга отувчи сифатида қабул қилинган ва ойига 210 000 рубль маош олган.

Хизмат давомида ўзбекистонлик эркак Украинанинг Харьков вилоятидаги жанговар операцияларда қатнашган. 2023 йил 5 августда у жароҳат олган ва Белгород вилоятидаги ҳарбий госпиталга даволаниш учун юборилган. Соғайгандан сўнг, у яна хизматга қайтган.

2024 йил июнь ойида шартнома муддати тугагач, ўзбекистонлик Россия Мудофаа вазирлигининг реабилитация марказига юборилган. 2025 йил февраль ойида у Россия фуқаролигини олган ва тез орада Жуков медали билан тақдирланган. 2010 йилда таъсис этилган мукофот ҳарбий хизматчиларга «Ватан ва Россия Федерацияси давлат манфаатларини ҳимоя қилишдаги жанговар операцияларда кўрсатган жасорати, фидойилиги, жанговар хизмат, жанговар бурч, машқлар ва маневрларда иштирокда кўрсатган алоҳида ўрни ҳамда жанговар тайёргарликдаги аъло натижалари учун» берилади.

28 август куни ўзбекистонлик уйига қайтган ва 3 сентабр куни у Поп тумани ички ишлар бўлимига чақирилган. Б ерда у жанговар операцияларда иштирок этгани ҳақида хабар берган. Унинг мобил телефони мусодара қилинган ва унинг хотирасида ҳарбий гувоҳномаси, хизмат сафари гувоҳномалари, ҳисоботлар, медаль ва унга илова қилинган гувоҳноманинг фотосуратлари топилган.

Судда судланувчи ўз айбини тўлиқ тан олган, очилган ишдаги ҳолатларни тасдиқлаган ва оғир молиявий аҳволи ва қарамоғидаги оиласи борлигини айтиб, пушаймонлик билдирган. Суд уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми («Ёлланиш») бўйича айбдор деб топган ва уч йилга озодликдан маҳрум қилган. Маҳкум бу муддатни умумий тартибли жазони ижро этиш колониясида ўтайди.

ℹ️ «Фарғона» Ўзбекистонда ёлланиш моддаси бўйича қўзғатилган жиноят ишлари ҳақида бир неча бор ёзган. Баъзи судланувчилар қамоқ жазосига, бошқалари эса озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. 2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати 2022 йилдан бери мамлакатда фуқароларнинг хориждаги қуролли можароларда иштирок этганига оид 338 та жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.