Россияда уяли телефон минорасини ёқиб юборгани учун икки қозоғистонлик ҳибсга олинди

shutterstock.com сайти фотосурати

Ленинград вилояти Ломоносовский туман суди икки қозоғистонлик фуқарони қўпорувчилик ҳаракатида гумон қилиб ҳибсга олди, деб хабар берди Россиянинг ушбу минтақаси судларининг қўшма матбуот хизмати 3 февраль куни.

Тергов маълумотларига кўра, 2006 йилда туғилган ва Санкт-Петербургда яшовчи Таразлик икки киши «кураторлари» скўрсатмаси билан Ленинград вилояти Ломоносовский туманида уяли алоқа операторининг базавий станцияси тақсимот ускунасини ёқиб юборишган. Улар жиноятни оғир молиявий аҳволда экани ва қонуний даромад манбаи йўқлиги сабабли содир этишганини айтишган. Уларга ўт қўйиш учун 40 000 рубль миқдорида мукофот ваъда қилинган.

Жиноятчилар таксида қочишга уринаётганда ўт қўйилган жой яқинида ҳибсга олинган. Улар бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган диверсия учун ўн икки йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин (РФ Жиноят кодексининг 281-моддаси 2-қисмининг «а» банди).

Қозоғистон фуқаролари авваллари ҳам Россияда ушбу модда бўйича судланган. 2024 йил июль ойида Москва шаҳар суди Қозоғистон фуқаролари Александр Абрам ва Эдуард Бурдиловни темир йўлда содир этган қўпорувчилик ҳаракати учун 13 йилга озодликдан маҳрум қилган. Хабарларга кўра, улар 30 минг рубль миқдорида мукофот эвазига Москвадаги Варшавское шоссе яқинидаги темир йўлида реле шкафларини ёқиб юборишган.