Венгриянинг собиқ президенти Каталин Новак Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар қилди.
Каталин Новак Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ)да иштирок этиш муносабати билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Ташриф давомида Венгриянинг собиқ президенти Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси билан танишди.
«Ислом маданияти ва тарихига бағишланган бундай гўзал музейни яратиш ғоясини юксак қадрлайман. Чунки бир-биримизнинг маданиятимизни ўрганишимиз, тарихий илдизларимизни англашимиз жуда муҳим деб ҳисоблайман. Мен Ўзбекистон тарихини чин дилдан ўрганишни истардим ва ушбу Марказ менда жуда катта таассурот қолдирди»,-деди Новак.
Венгрия собиқ президентининг таъкидлашича, унинг учун тарихий жараёнлар билан Марказий Осиё нуқтаи назаридан танишиш айниқса муҳим аҳамият касб этади.
«Мен Венгриядан келганман. Биз тарихга, ҳатто жаҳон тарихига ҳам анча бошқача ёндашув орқали қараймиз. Ўзим насронийман, шу боис тарихий жараёнлар ва илм-фан ривожига оид мавзуларни ҳам насронийлик нуқтаи назаридан ўрганганман. Бу ерда эса Марказий Осиё нуқтаи назарини ҳис қилиш имкониятига эга бўлдим. Бу мен учун чиндан ҳам жуда қизиқарли ва таъсирли тажриба бўлди», — деди Новак.
Унинг фикрича, мазкур Марказ турли ёшдаги ташриф буюрувчилар учун қизиқарли бўлади. Сунъий интеллект ва интерактив намойиш воситалари каби замонавий технологиялар Ўзбекистон халқи тарихи ҳамда илдизларини янада чуқурроқ англашга ёрдам беради.
“Қадимги даврлар ҳақида ўқиш мумкин, аммо уларни кўз билан кўриш инсонга бу тарихни яхшироқ англаш, тасаввур қилиш ва ҳис этиш имконини беради”, -деди Венгриянинг собиқ президенти.
Каталин Новак 2022–2024 йилларда Венгрия президенти лавозимида фаолият юритган. Лавозимини тарк этгач, у халқаро жамоатчилик ташаббуслари, жумладан демография ва оила сиёсати масалаларига қаратилган фаолият билан шуғулланмоқда.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



