Ўзбекистон футбол терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг Конго ДР термаси дарвозасига урган голи 2026 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида энг яхши гол деб тан олинди. Бу ҳақда FIFA матбуот хизмати хабар берди.
Ғолиб FIFA расмий сайтида болалар овоз бериши натижаларига кўра аниқланган.
Шомуродов гуруҳ K учинчи турида Конго ДР термасига қарши ўйинда гол урди. Ҳужумчи ўйиннинг 10-дақиқасидаёқ ўткир бурчакдан дарвозабон устидан тўпни усталик билан ошириб, ҳисобни очди. Шунга қарамай, Ўзбекистон терма жамоаси 1:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, турнирдаги иштирокини якунлади.
FIFA маълумотларига кўра, Шомуродовнинг голи 36% овоз тўплаб, биринчи ўринни олган. Иккинчи ўринни Гаити терма жамоаси футболчиси Вильсон Изидорнинг Марокаш дарвозасига урган голи эгаллаган, учинчи ўрин эса босниялик Керим Алайбеговичнинг Қатарга қарши ўйиндаги голига насиб этган. Номзодлар орасида Лео Месси ва Килиан Мбаппе голлари ҳам бор эди.
Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этди. Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа гуруҳ босқичида барча уч ўйинда мағлуб бўлди: Колумбияга — 1:3, Португалияга — 0:5 ва ДР Конгога — 1:3. Ўзбекистон терма жамоаси турнирни 2:11 тўплар нисбати билан якунлади.
Элдор Шомуродов — Муборак шаҳридаги «Машъал» мактаби тарбияланувчиси. 2015 йилда у Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига ўтган. 2017 йилда «Ростов»га таклиф қилинган ва у ерда барча расмий турнирларда 91 та ўйин ўтказиб, 18 та гол урган. 2020 йил октябрда 7,5 миллион евро компенсация эвазига «Дженоа» клубига ўтган. Генуя клуби сафида А Серияда 31 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол урган.
2021 йил август ойида «Рома» ўзбек ҳужумчиси Элдор Шомуродовни 17,5 миллион евро эвазига сотиб олди ва у билан 2026 йилгача шартнома имзолади. Мавсум якунларига кўра, римликлар А Серияда 6-ўринни эгаллаган. Шомуродов 28 та ўйинда майдонга тушган, шуларнинг 23 тасида захирадан ўйинга қўшилган. Унинг ҳисобига 3 та гол ва 4 та голли узатма ёзилган.
2023 йил январь ойида футболчи «Специя» клубига ижарага берилди ва у ерда 15 та ўйин ўтказиб, 1 та гол урди. Мавсум якунларида жамоа А Сериядан тушиб кетди. Шу йил август ойида Элдор ижара асосида, кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан 9 миллион евро эвазига «Кальяри»га ўтди. У ерда 22 та ўйинда 3 та гол ва 3 та голли узатма қайд этди. 2024 йил ёзида у яна «Рома»га қайтди ва барча мусобақаларда 37 та ўйинда иштирок этиб, 7 та гол ва 4 та голли узатма билан яхши мавсум ўтказди. 2025 йилда у Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клубига ўтди ва 22 та гол билан Суперлиганинг энг яхши тўпурари бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси сафида Шомуродов 95 та ўйин ўтказиб, 45 та гол урди.



