Қозоғистон клублари Конференциялар лигаси биринчи саралаш босқичида иштирокини бошлади. «Астана» еврокубоклар мавсумини Албаниянинг «Динамо Сити» жамоаси устидан меҳмонда қозонилган ғалаба билан бошлади, «Елимай» эса Арманистоннинг «Алашкерт» клуби билан дуранг ўйнади.
Қозоғистон пойтахти клуби меҳмонда «Динамо Сити»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Ягона голни учрашувнинг 69-дақиқасида Рамазан Каримов киритди. Биринчи бўлимда жамоалар ҳисобни оча олмади. Танаффусдан кейин эса «Астана» ўз имкониятларидан бирини голга айлантириб, 16 июль куни Остонада бўлиб ўтадиган жавоб учрашуви олдидан устунликка эга бўлди.
Еврокубокларда илк бор иштирок этаётган «Елимай» Ереванда ғалабага жуда яқин келди, аммо учрашувнинг сўнгги дақиқаларида устунлигини сақлаб қола олмади. Ўйиннинг 60-дақиқасида Иван Свиридовнинг узатмасидан сўнг Арсен Аширбек Қозоғистон жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бироқ 86-дақиқада Давид Тертерян ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Жавоб учрашуви 16 июль куни Семей шаҳрида бўлиб ўтади.
Иккинчи саралаш босқичида «Динамо Сити» — «Астана» жуфтлиги ғолиби Европа лигаси биринчи саралаш босқичидаги Молдованинг «Шериф» ва Словениянинг «Алюминий» жамоалари ўртасидаги қарама-қаршиликда мағлуб бўлган жамоа билан куч синашади. «Елимай» — «Алашкерт» жуфтлиги ғолиби эса Румыниянинг ЧФР «Клуж» клубига қарши майдонга тушади.
Яна бир қозоғистонлик клуб — «Тобол» Конференциялар лигасининг биринчи саралаш босқичини ўтказиб юборади ва мусобақани тўғридан-тўғри иккинчи саралаш босқичидан бошлайди. Қостанай жамоасининг рақиби Литванинг «Паневежис» клуби бўлади. Биринчи учрашув 23 июль куни Литвада, жавоб баҳси эса 30 июль куни Қозоғистонда ўтказилади.
Бундан бир кун аввал Қозоғистон учун еврокубоклар мавсумини «Қайрат» бошлаб берди. Олмаота жамоаси Чемпионлар лигаси саралаш босқичидаги дастлабки учрашувда ўз майдонида Черногориянинг «Сутьеска» клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.



