Исломобод: Покистонлик толибларга қарши амалий чоралар кўрилмасдан туриб Кобул билан муносабатларни нормаллаштириш имконсиздир

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Тоҳир Андробий

Покистон Афғонистон билан муносабатлар сезиларли даражада яхшиланиши учун Кобул томонидан Покистон ҳудудига ҳужум қилаётган жангариларга қарши аниқ ва текширилиши мумкин бўлган чоралар кўрилмасдан туриб ҳануз имконсиз эканини маълум қилди. Бу ҳақда чоршанба куни Dawn нашри Покистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Тоҳир Андробийнинг брифингига таяниб хабар берди.

Андробийнинг сўзларига кўра, Исломобод Афғонистондаги вазиятни тартибга солишда Хитойнинг «конструктив ва барқарор иштирокини қадрлайди». Бироқ, у учинчи давлатларнинг воситачилиги Кобулнинг ўз ҳудудидаги террорчилик тармоқларини, биринчи навбатда, Покистонда тақиқланган «Теҳрик-и Толибон Покистон» (ТТП) гуруҳи ва Балужистонни озод қилиш армияси (BLA), шунингдек, Афғонистон ҳудудидан Покистонга қарши фаолият юритаётган «бошқа ташкилотлар»ни тугатиш бўйича амалий ҳаракатларининг ўрнини боса олмаслигини таъкидлади.

Дипломатнинг таъкидлашича, Покистоннинг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда: икки томонлама муносабатлардаги тараққиёт Афғонистон томони ўз ҳудудидан Покистонга қарши террорчилик фаолияти учун фойдаланилмаслиги бўйича «текширилиши мумкин бўлган ёзма кафолатлар»ни тақдим этиш-этмаслигига боғлиқ. ТТП жангариларини шунчаки бошқа ҳудудга кўчириш Исломобод учун етарли чора ҳисобланмайди — Кобулдан уларнинг қўмондонлик тузилмаси, тайёргарлик инфратузилмаси ва логистика тармоқларини тугатиш талаб этилади.

Бу баёнот Афғонистон-Покистон инқирози атрофида дипломатик фаоллик давом этаётган бир пайтда янгради. Хитойнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Юэ Сяоюн Исломободга ташриф буюриб, 2026 йил баҳорида Пекин иштирокида ишга туширилган уч томонлама музокаралар формати — «Урумчи жараёни»ни қайта жонлантиришга ҳаракат қилди. Ушбу формат Истанбул ва Доҳада ўтказилган бир неча самарасиз музокаралар раундидан сўнг бошланган эди. Шу билан бирга, Афғонистоннинг Покистондаги элчиси Сардар Шакиб Исломободдаги Миллий мудофаа университетида нутқ сўзлаш учун таклиф қилинди. Бироқ, Ташқи ишлар вазирлиги вакили дипломатларнинг академик муассасаларга бундай ташрифлари одатий ҳол эканини алоҳида таъкидлаб, ушбу мулоқотни муносабатлар яхшиланишининг белгиси сифатида «ортиқча баҳоламаслик» кераклигини таъкидлади.

Исломободнинг қатъий баёнотлари БМТнинг Санкциялар бўйича таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг гуруҳининг яқинда эълон қилинган ҳисоботи маълумотларига ҳам таянади. Ҳисоботга кўра, толиблар Покистон чегарасига туташ ҳудудлардан ТТПнинг қарийб 2 минг нафар жанчиси ва уларнинг оила аъзоларини кўчирган. Шу билан бирга, ҳисоботда қайд этилишича, «Толибон» ҳаракати раҳбари Ҳайбатулла Охундзода оммавий тарзда Покистонга ҳужумлар уюштиришдан огоҳлантирган бўлса-да, ҳаракатнинг ТТПни қўллаб-қувватлаши давом этмоқда. Бу даврда гуруҳнинг ўзи ҳужумларни кучайтириб, ташкилий тузилмасини кенгайтирган.

Покистон ва Афғонистондаги «Толибон» ҳаракати 2025 йил кузидан буён инқирознинг бир неча кескин босқичини бошдан кечирди. Улар орасида чегарадаги қуролли тўқнашувлар, 2025 йил октябрь охирида Истанбулда ўтказилган ва муваффақиятсиз якунланган музокаралар, Доҳада келишилган вақтинчалик сулҳлар ҳамда 2026 йил баҳорида Урумчида Хитой иштирокидаги уч томонлама учрашувда тасдиқланган келишувлар бор. Шу вақт мобайнида Исломободнинг асосий талаби ўзгармади: Кобул ТТПни террорчилик ташкилоти сифатида расман тан олиши ва унинг инфратузилмасини тугатиши керак. Кобул эса изчил равишда гуруҳ устидан назоратга эга эмаслигини ва унинг ҳаракатлари учун жавобгармаслигини таъкидлаб келмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ