«Толибон» ҳаракати Афғонистонда яқинда жорий этилган кўча намойишларини тўлиқ тақиқлаш қарорини биринчи марта оммавий равишда асослаб, намойишлар демократик тизимларга хос экани ва ислом ҳуқуқида бунга ўрин йўқлигини билдирди. Бу ҳақда ҳаракатнинг расмий вакили Забеҳулла Мужоҳид чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Afghanistan International нашри.
Мужоҳиднинг сўзларига кўра, норозиликни ифодалаш шакли сифатидаги намойишлар «бошқа қонунлар амал қиладиган» жамиятларга, яъни демократия ёки республика тизимига хос. Шариат бўйича эса фуқаролар ўз шикоятларини кўчага чиқиш билан эмас, балки тегишли идораларга мурожаат қилиш орқали ҳал қиладилар. У намойишларни ташкил этишни «вақтни беҳуда сарфлаш», мол-мулкка зарар етказиш, тартибсизлик ва беқарорлик манбаи, деб атади.
Ҳар қандай оммавий акцияларни ўтказиш тақиқлангани ҳаракатнинг Адлия вазирлиги томонидан август ойи охирида эълон қилинган полиция тўғрисидаги янги қонун («Шурта қонуни»)нинг 50-моддасида мустаҳкамланган. Ҳужжат «Толибон»нинг олий раҳбари Ҳайбатулла Охундзода томонидан тасдиқланган бўлиб, Мужоҳиднинг сўзларига кўра, у шариат меъёрларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Расман, бу 2021 йил август ойида «Толибон» ҳокимиятга қайтганидан буён амалда бўлиб келган намойишларни тақиқлаш биринчи марта қонун билан тўғридан-тўғри мустаҳкамланишидир. Бунда ҳеч қандай истиснолар ёки оммавий акция ўтказиш учун рухсат олиш тартиби кўзда тутилмаган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари янги қонунни танқид қилиб чтқишди. Human Rights Watch ҳужжатни ҳокимиятнинг ҳар қандай мухолиф фикрни бостиришга қаратилган «шафқатсиз кампанияси»нинг бир қисми, деб атади. Amnesty International эса қонун тинч йиғилишлар ҳуқуқининг тўғридан-тўғри бузилишини мустаҳкамлашини таъкидлади. Намойишларни тақиқлашдан ташқари, полиция тўғрисидаги қонун куч ишлатувчи тузилмалар ваколатларини кенгайтиради, ҳибсда сақлашнинг максимал муддатини уч суткадан ўн суткагача оширади ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан куч ишлатиш тартибини белгилаб беради.



