Жаҳон кўчманчилар ўйинлари якунлари Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсга сабаб бўлди

Қирғизистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўртасидаги кўк-бўру мусобақаси. Ташкилотчилар фотосурати

Қирғизистонда бўлиб ўтган VI Жаҳон кўчманчилар ўйинлари якунланганидан сўнг медаллар жадвали ғолиби масаласида баҳс юзага келди. Қирғизистон ва Қозоғистон якунлар бўйича турлича натижаларни тақдим этиб, ҳар икки давлат ҳам ўзини биринчи ўринга қўйди. Келишмовчиликлар фонида ташкилотчилар томонидан эълон қилинган умумий жадвал қўшимча текширув ўтказиш учун олиб ташланди.

Қирғизистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат агентлиги версиясига кўра, ўйинлар мезбони 72 та медаль — 30 та олтин, 29 та кумуш ва 13 та бронза медалини қўлга киритиб, биринчи ўринни эгаллаган. Қозоғистон спортчилари 64 та медаль, жумладан 29 та олтин, 16 та кумуш ва 19 та бронза медалини олган. Россия учинчи ўринни эгаллаган.

Қозоғистонда эса бошқача ҳисоб-китоб тақдим этилди. Республика Туризм ва спорт вазирлиги маълумотларига кўра, қозоғистонлик спортчилар 74 та медаль — 32 та олтин, 20 та кумуш ва 22 та бронза медалини қўлга киритган ва айнан Қозоғистон биринчи ўринда бўлиши керак. Қозоғистон томони Қирғизистон ҳисобида 84 та медални қайд этган: 30 та олтин, 35 та кумуш ва 19 та бронза.

Тафовутлар фақат ғолибликка даъвогар бўлган икки давлатгагина тааллуқли бўлмади. Масалан, Қозоғистон вариантида Россияда 36 та медаль — еттита олтин, саккизта кумуш ва 21 та бронза, Ўзбекистонда эса 19 та медаль, жумладан тўртта олтин медаль қайд этилган. Ташкилотчиларнинг дастлабки жадвалида рақамлар бошқача эди.

Баҳслар бошланганидан сўнг Ўйинларнинг интернет-ресурсларидан умумий медаллар жадвали олиб ташланди. Айни пайтда қирғиз томони мамлакатларнинг расмий умумжамоа ҳисобидаги натижаси Жаҳон кўчманчилар ўйинлари концепциясида умуман назарда тутилмаганини маълум қилди. Уларнинг таъкидлашича, мусобақалар, аввало, анъанавий спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштиришга қаратилган.

Бу изоҳ аввалги Ўйинлар фонида эътиборли кўринади. 2024 йилда Остонада ўтказилган V Жаҳон кўчманчилар ўйинларида мусобақанинг расмий сайти тўлиқ медаллар жадвалини эълон қилган эди. Унда 112 та медаль — 43 та олтин, 32 та кумуш ва 37 та бронза медали билан Қозоғистон ғолиб бўлган. Қирғизистон иккинчи ўринни эгаллаган — 19 та олтин, 21 та кумуш ва 25 та бронза медали. Россия учинчи, Ўзбекистон эса тўртинчи ўринда бўлган.

VI Жаҳон кўчманчилар ўйинлари Қирғизистонда 31 августдан 6 сентябрга қадар давом этди. Қирғизистонлик ташкилотчилар маълумотига кўра, мусобақаларда 109 давлатдан 3 мингдан ортиқ спортчи иштирок этган. Асосий спорт ва маданий тадбирлар Иссиқкўлда ўтказилди.

Ўйинлар 31 август куни Бишкекда бошланди. Тантанали очилиш маросими 51 мингдан ортиқ томошабин сиғимига эга янги «Бишкек Арена» стадионида бўлиб ўтди. Маросимда қарийб 30 минг киши иштирок этди, спортчилар парадида эса юздан ортиқ давлат вакиллари қатнашди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўйинларни очиқ деб эълон қилди.

Шу билан бирга, аренанинг ўзи билан боғлиқ ғайриоддий вазият юзага келди. 31 август куни янги стадионда энг йирик халқаро тадбир ўтказилганига қарамай, «Бишкек Арена»нинг расмий очилиш маросими 5 октябрга белгиланган.

Маросимдан сўнг асосий тадбирлар Иссиқкўл вилояти — Чўлпон-Ота ва Қирчин дарасига кўчирилди.

Спорт дастури 40 дан ортиқ тур ва йўналишни қамраб олди. Иштирокчилар кўк-бўру ва кўкпар, от пойгалари, узоқ масофага от марафони ва эр-эниш, шунингдек, миллий курашнинг турли йўналишларида — олиш, қозоқ кураши, хапсагай ва кураш бўйича беллашдилар.

Шунингдек, анъанавий камондан ўқ отиш, жумладан от устида камондан ўқ узиш, салбуурун, армрестлинг, мас-рестлинг, стронгмэн ва арқон тортиш мусобақалари ўтказилди. Дастурга тоғуз-қўрғоол, мангала ва овари каби ақлий ўйинлар ҳам киритилди.

Ўйинларнинг асосий воқеаларидан бири кўк-бўру ва кўкпар бўйича турнирлар бўлди. Уларнинг финалларида Қирғизистон ва Қозоғистон терма жамоалари ўзаро куч синашди. Ҳар икки ҳолатда ҳам мезбонлар ғалаба қозонди. Кўк-бўруда Қирғизистон рақибини 12:0 ҳисобида йирик ғалаба билан мағлуб этган бўлса, кўкпарда 7:2 ҳисобида устун келди. Россия ҳар икки йўналишда ҳам учинчи ўринни эгаллади.

Бироқ, финал мусобақалари нафақат натижалари билан ёдда қолди. Ҳал қилувчи учрашувларга барча чипталар олдиндан сотиб бўлинган эди ва дастлаб ташкилотчилар аренага фақат чипта эгалари киритилишини маълум қилди. Аммо кўк-бўру финали олдидан Садир Жапаров чиптаси бўлмаган томошабинларни ҳам киритишга кўрсатма берди. Шундан сўнг трибуналарда катта тирбандлик юзага келди: жойлар тезда тўлиб кетди, айрим чипта сотиб олган мухлислар эса ўз жойларига кира олмаётганидан шикоят қилишди.

Якунда ташкилий қўмита аренага кира олмаган ёки чиптада кўрсатилган жойларини эгаллай олмаган томошабинларга пулни қайтаришга ваъда берди. Чипта нархи 1 минг сом ($11,4)ни ташкил этган. Маданият вазири Мирбек Мамбеталиев маълумотларига кўра, 4,5 минг томошабин электрон валидациядан ўтган, яна 2,5 минг чипта эса валидация қилинмаган. Пулни қайтариш учун электрон чипта ва тўловни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш талаб этилади.

Чўлпон-Отадаги янги «Кўк Бўру» аренасига ҳам эътирозлар билдирилди. Қозоғистоннинг кўкпар бўйича терма жамоаси капитани Қурманбек Турганбек финалдан сўнг майдон ҳолати ва чизиқларнинг яхши кўринмаслигидан шикоят қилди. Унинг сўзларига кўра, юқори тезликда ҳаракатланаётган ўйинчилар учун улоқни олиб бориш керак бўлган доирани кўриш қийин бўлган.

Ўйинларга хизмат кўрсатган айрим тадбиркорлар ҳам муаммоларга дуч келишган. Фуд-зоналарда ишлаган тадбиркорлар, айниқса Қирчин ва ипподромда сув ҳамда электр таъминотида узилишлар бўлганини маълум қилди. Шундан сўнг улар учун ижара ҳақига чегирмалар бериш имконияти кўриб чиқила бошланди. Фуд-зоналар оператори билан тузилган шартноманинг умумий қиймати 25 млн сом ($286 минг)ни ташкил этган.

Медаллар ҳисоби атрофида амалдорлар ўртасида баҳслар давом этаётган бир пайтда қирғизистонлик курашчи Узақ Темирбек уулунинг қилган иши ҳам эътиборни тортди. У ғалабадан сўнг олтин медалини кумуш медаль соҳиби бўлган ва ушбу турнир унинг фаолиятидаги сўнгги мусобақа бўлган рақибига берди.

Кейинги, VII Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларини 2028 йилда Татарстанда ўтказиш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ