Кириш имкониятисиз бир йил: БМТ афғон аёлларига ўз офисларига кириш тақиқланганини эслатди

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) аёл кузатувчиси Ҳиротда зилзиладан жабрланган аёл билан суҳбатлашмоқда. 2023 йил октябрь. WFP фотосурати

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш «Толибон» ҳаракатининг афғонистонлик аёлларга нисбатан ҳаракатланиш бўйича чекловлари улар ҳаётининг деярли барча соҳаларига таъсир қилаётганини маълум қилди. Бу баёнот афғон аёлларининг мамлакатдаги БМТ офисларига кириши тақиқланганига бир йил тўлгани муносабати билан янгради, деб хабар беради Amu TV.

БМТ маълумотларига кўра, «Толибон» тақиқлари нафақат аёлларнинг халқаро ташкилот тузилмаларида ишлаш ҳуқуқига дахл қилади. Улар аёлларнинг таълим олиш, тиббий ёрдам ва гуманитар кўмакдан фойдаланиш, шунингдек, эркин ҳаракатланиш имкониятларини чеклайди. Бу чоралар гуманитар ташкилотлар фаолиятига ҳам тўсқинлик қилмоқда: ходима аёлларсиз уларга ёрдам зарур бўлган хотин ва қизлар билан алоқа ўрнатиши қийинлашмоқда.

Афғонистонда БМТ офисларига ходима аёлларнинг кириши тақиқланганига бир йил бўлди. Бу 2021 йил август ойида ҳокимиятга қайтган «Толибон» ҳаракатининг кенг қамровли сиёсатининг давоми бўлди. Ҳокимият аёлларни жамоат ҳаётидан изчил равишда четлатиб, уларга ўрта ва олий таълим олишни тақиқламоқда, эркак ҳамроҳисиз ишлаш ва ҳаракатланиш имкониятларини чекламоқда.

БМТ ушбу чекловларни қонуний деб тан олмади ва уларни бекор қилишни бир неча бор талаб қилди.

Ташкилот аёлларнинг ишлаши миллионлаб афғонистонликларга, айниқса эркак ходимларга хизматлардан фойдаланиш учун мурожаат қила олмайдиган аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш учун зарур эканини таъкидлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ