Парижда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

Конфереция иштирокчилари. iccu.uz сайти фотосурати

Парижда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар соҳибқирон ва Темурийлар сулоласи меросини, Франция ва Европада ушбу мавзуни ўрганишнинг бугунги ҳолатини, шунингдек, қўшма тадқиқотлар истиқболларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида бўлиб ўтди. У Ислом цивилизацияси маркази томонидан республиканинг дипломатик ваколатхонаси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.

Конференцияда Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан, Ал-Фурқон жамғармаси директори Сали Шоҳсиворий, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммедов, француз олим ва тадқиқотчилари, Амир Темур ассоциацияси аъзолари ҳамда илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Асосий эътибор Амир Темур ва Темурийлар даврида илм-фан, меъморчилик, санъат, маданият ва давлатчиликнинг ривожланишига қаратилди. Франциялик тадқиқотчилар Франц Грене, Катрин Пужоль ва навоийшунос Шара Рисоли маърузалар билан чиқиш қилдилар.

Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Амир Темур меросини ҳар томонлама ўрганиш зарурлигини таъкидлади.

« Амир Темур мероси фақат бир халқ ёки бир давлат тарихига дахлдор эмас. Унинг давлатчилик, илм-фан, меъморчилик, санъат, маданият ва халқаро муносабатлар соҳасида қолдирган мероси жаҳон цивилизациясининг муҳим қисмидир. Шу боис бугун Парижда ушбу мерос ҳақида фикр алмашишимиз чуқур рамзий маънога эга», — деди Абдухолиқов.

Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредерик Брессан конференциянинг Парижда ўтказилаётгани ва Темурийлар меросини кенг тарғиб этиш учун яратилган имконият муҳимлигини таъкидлади.

«Париждаги Ўзбекистон элчихонасида бўлиб, ушбу тақдимотни ўтказганимиздан жуда хурсандман. Темурийлар сулоласи ва унинг тарихий аҳамиятини Парижда ҳам тарғиб қилиш жуда муҳим. Тадбир самимий ва дўстона муҳитда ўтди, кўплаб дўстларимиз ва уюшма аъзолари иштирок этди», — деди Фредерик Брессан.

Иштирокчилар адабий ва маънавий мерос масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Шара Рисоли ўз маърузасини Алишер Навоий, унинг ҳомийлик фаолияти ва Темурийлар саройида тутган ўрнига бағишлади.

Конференциянинг яна бир мавзуси француз тадқиқотчиларининг Амир Темур ва Темурийлар меросини ўрганиш борасидаги кўп йиллик фаолияти бўлди. Жумладан, иштирокчилар 30 йилдан буён сулола тарихи бўйича материалларни чоп этиб келаётган «Темурийлар» журнали фаолиятини муҳокама қилдилар. Ислом цивилизацияси маркази журналнинг шу давр мобайнида нашр этилган барча сонларини жамлаб, алоҳида тўплам шаклида нашр этишни режалаштирмоқда.

Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, француз олимлари билан ҳамкорлик янги тарихий манбаларни аниқлашга ёрдам бериши мумкин.

« Биз Амир Темур меросини фақат ўтмиш ҳақидаги хотира сифатида эмас, балки бугунги ва келажак авлодлар учун муҳим илмий ва маънавий манба сифатида кўришимиз керак. Франциялик олимлар билан ҳамкорликда ҳали кўплаб янги манбаларни аниқлашимиз, тадқиқотлар олиб боришимиз ва тарихнинг бизга номаълум бўлган саҳифаларини очишимиз мумкин», — деди у.

Женева дипломатик доираси президенти ва асосчиси Роберт Ф. Блум ўз маърузасида Ўзбекистоннинг маданий мероси халқаро мулоқотда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

« Менимча, инсониятни бирлаштириб турувчи энг муҳим жиҳатлардан бири — эътиқод ва маънавий қадриятларимиздаги муштаракликдир. Қайси юртда туғилганимиз ва қандай муҳитда улғайганимиздан қатъи назар, тинчлик ва ҳамжиҳатликка бўлган интилишимиз барчамизни бирлаштиради», — деди Блум.

Иштирокчилар қўлёзмалар, архив ҳужжатлари, тарихий манбалар ва маданий мерос объектларини биргаликда ўрганиш, илмий нашрлар, каталоглар ва кўргазмалар тайёрлаш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Амир Темурнинг Франция билан дипломатик алоқалари тарихий аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди. Жумладан, унинг Франция қироли Карл VI билан ёзишмалари сақланиб қолган бўлиб, улар XV аср бошларида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги сиёсий алоқалардан далолат беради.

Конференция якунида томонлар Ўзбекистон ва Франция олимлари ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш, Амир Темур ва Темурийлар меросини биргаликда ўрганиш бўйича тадқиқотларни кенгайтириш ниятида эканликларини билдирдилар.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ