Ли Цян Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида «самовий отлар» ва Хитой изларини топди

Ли Цян Ислом цивилизацияси марказида. ИЦМ фотосурати

Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян 18 октябрь куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Унга Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлик қилди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Ли Цян ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, шунингдек, минтақанинг илмий ва маданий меросига бағишланган экспозициялар билан танишди.

Экскурсия давомида Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги тарихий алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, меҳмонга Фарғона водийсида жойлашган қадимги Даван давлати ва Хитойда юксак қадрланган машҳур Фарғона «самовий отлари» ҳақида маълумот берилди. Экспозицияда, шунингдек, Буюк ипак йўли, Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо ҳамда маданий алмашинувга оид материаллар ҳам намойиш этилган.

Ли Цян Мирзо Улуғбек даврига оид кулолчилик буюмларини ҳам кўздан кечирди. Мутахассисларнинг тахминига кўра, улар Хитой чинниси таъсирида яратилган. Унга, шунингдек, Шоҳрух Мирзо даврида Хитойга юборилган элчилик ва ушбу миссия иштирокчиси Ғиёсиддин Наққошнинг саёҳати ҳақида сўзлаб берилди.

Хитой Бош вазирига Марказ фойесидаги Марказий Осиё олимлари ва тарихий шахсларига бағишланган 14 та равоқдаги фрескалар ҳам кўрсатилди. Марказ маълумотига кўра, улар Хитой мутахассислари иштирокида 110 хил рангдаги микромозаика тошларидан қўлда ишланган.

Ташриф якунида Ли Цян фахрий меҳмонлар китобига қуйидаги тилагини ёзиб қолдирди: « Цивилизациялар ўртасидаги ўзаро англашув ва тажриба алмашинуви, дунё маданиятлари ўртасидаги дўстлик йўлида».

Ли Цян 17–18 октябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. 17 октябрь куни уни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш, савдо, инвестициялар ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ