Тошкентда Игорь Савицкий коллекциясидаги картиналарнинг мультимедиа кўргазмаси очилди

acdf.uz сайти фотосурати

Тошкентдаги Tashkent City Mall биносида XX аср Марказий Осиё санъати ва машҳур рассом ҳамда музейшунос Игорь Савицкий коллекциясидаги картиналарга бағишланган «Савицкий кундаликлари. Қадимий ва навқирон» мультимедиа кўргазмаси очилди. Кўргазма 24 октябрдан 2027 йил 24 январга қадар давом этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси — Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар берди.

Tashkent City Mallдаги кўргазма рассом, коллекционер ва Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги санъат музейи асосчиси Савицкий сақлаб қолган мероснинг бир қисмини акс эттиради.

Азиза Изамова кураторлигида ташкил этилган лойиҳа бир нечта санъат йўналишини ўзида бирлаштиргани учун мультимедиа кўргазмаси ҳисобланади. Хусусан, унда рангтасвир, мусиқа, ёруғлик ва ҳаракат уйғунлашган. Республика пойтахтида намойиш этилаётган асарларда бадиий техника ва услубларнинг хилма-хиллиги очиб берилган. Ташкилотчилар таъкидлашича, кўргазма анъаналар ва замонавийлик ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кузатиш орқали Ўзбекистон санъати тарихини ўрганади.

Игорь Савицкий 1915 йилда Киев шаҳрида туғилган. Инқилобдан кейин ота-онаси билан Москвага кўчган. 1941 йилда у Москвадаги Суриков номидаги рассомлик институтига ўқишга кирган. 1950 йилда археология-этнография экспедицияси таркибида Қорақалпоғистонга келган ва шу ерда қолган.

1966 йилда Савицкий ташаббуси билан Нукусда санъат музейи ташкил этилган. Коллекционер музейнинг биринчи директори бўлган. У 1984 йилда вафот этганидан сўнг муассасага устознинг шогирди Мариника Бабаназарова раҳбарлик қилади. Унинг ташаббуси билан Савицкий музейи «Чўлдаги Лувр» деб атала бошлаган.

Музей коллекциясида 90 мингдан ортиқ сақланаётган асарлар бирлиги мавжуд. Улар орасида қорақалпоқ халқининг этнографик буюмлари, қадимги ва ўрта асрларга оид Хоразм шаҳар харобаларидан топилган ашёлар, шунингдек, 1920–1930-йилларда яратилган рус ва ўзбек тасвирий санъати асарлари бор.

Жумладан, музейда Роберт Фальк, Любовь Попова, Александр Шевченко, Александр Осмёркин, Василий Чекригин, Климент Редько, Николай Ульянов, Алиса Порет, Александр Волков, Александр Николаев (Усто-Мўмин), Михаил Курзин, Виктор Уфимцев ва бошқа кўплаб таниқли рассомларнинг асарлари сақланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ