Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бадавлат фуқаролар учун юқори солиқ ставкаларини жорий этиш ғоясини муҳокама қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда у 28 октябрь куни халққа йўллаган мурожаати чоғида маълум қилди.
«Менинг фикримча, йирик бойлик эгалари учун юқорироқ солиқ ставкасини жорий этиш масаласини муҳокама қилиш вақти келди. Таъкидламоқчиманки, ҳеч ким қонуний равишда орттирилган активларни қандайдир тарзда чеклашни режалаштираётгани йўқ. Бу Конституциянинг моҳиятига зид бўлар эди. Гап ҳар бир фуқаронинг мамлакатимиз ривожига муносиб ва ҳалол ҳисса қўшиши ҳақида бормоқда. Бу — адолат масаласи», — деди давлат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ва Қурултой ушбу масалани ўрганиб чиқиши ва таклифлар киритиши лозим.
«Солиқ солишда адолатни таъминлаш шаффофликни, демакки, тўлиқ рақамлаштиришни талаб қилади. Солиқлар йиғилишини яхшилаш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва коррупция хавфларини камайтириш учун илғор технологиялар, жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланиш зарур», — дея таъкидлади Тўқаев.
Шунингдек, у 2025 йилда қабул қилинган янги Солиқ кодекси «муқаддас китоб» эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, бизнес манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, корхоналарнинг фаолият юритишини осонлаштириш учун кодексга бошқа ўзгартишлар ҳам киритиш керак.
«Буни ҳар сафар тадбиркорлар учун фаолият қоидаларини ўзгартиришга тўғри келмайдиган тарзда, пухта ўйлаб амалга ошириш лозим. Қонунчилигимиз шу қадар ҳажмдор ва тушуниш учун мураккабки, у тадбиркорлар учун ҳақиқий бош оғриғига айланди», — деди Тўқаев.
ТАСС агентлигининг эслатишича, ҳозирда Қозоғистонда фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган 10 фоизлик даромад солиғи мавжуд. Юқори даромадга эга фуқаролар учун 15 фоизлик ставка қўлланилади: бу йилига 80 минг доллардан ортиқ даромадга тааллуқли бўлиб, солиқ фақат белгиланган чегарадан ошган суммага ҳисобланади. Элит тоифадаги кўчмас мулк ва бошқа қимматбаҳо активлар эгаларига эса махсус акциз солиғи солиниши мумкин.
Республикада ҳашамат солиғини жорий этиш масаласи бир неча йилдан бери муҳокама қилиб келинмоқда. 2024 йилда Миллий иқтисодиёт вазирлиги тегишли ўзгартишларни таклиф қилган эди. Бир йил ўтиб, парламентда кўчмас мулк, қимматбаҳо автомобиллар, спиртли ичимликлар ва сигарларни ҳам ўз ичига олган ўта қиммат товарлар тоифаларига солиқ жорий этиш масаласи муҳокама қилинди.



