Ўзбекистонда инвесторлар, сайёҳлар ва тадбиркорлар учун шахсий қўриқлаш хизматларини кўрсатишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат тегишли бўлинмаларнинг техник арсеналини бойитиш, жумладан, учувчисиз учиш қурилмалари ёрдамида кузатув олиб боришни назарда тутмоқда. Қўриқлаш хизматлари сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар 26 ноябрь кунги йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди, деб хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Мутасаддиларнинг маълумотларига кўра, сўнгги ўн йил ичида мамлакатдаги ижтимоий ва савдо объектлари сони 150 мингдан 500 мингга, турар жойлар эса 1,5 миллиондан 8 миллионга етган. Шу боис «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз пойтахт», «Обод ва хавфсиз маҳалла» ҳамда «Хавфсиз уй» дастурларини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, қўриқловга олинган объектлар сони 337 мингтагача, мобил тезкор гуруҳлар сони эса 630 тагача кўпайди. 6 мингдан ортиқ маҳаллада патруль хизмати ташкил этилиб, 58 минг нафар қўриқчининг малакаси оширилди.
Шу билан бирга, мазкур соҳа ислоҳотларга муҳтож. Биринчи навбатда, амалдаги платформаларни бирлаштириш негизида «Рақамли қўриқлаш» ягона ахборот тизимини жорий этган ҳолда жараённи тўлиқ рақамлаштириш таклиф қилинмоқда. Бу хизмат кўрсатиш шартномаларини электрон шаклда расмийлаштириш, тўловлар тўғрисидаги маълумотларни онлайн олиш ва тезкор гуруҳларнинг ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш имконини беради. Шунингдек, қўриқлаш ходимларининг фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Соҳавий идоралар вакиллари амалдаги 6 турдаги қўриқлаш хизматларига қўшимча равишда яна 8 та янги турдаги хизматни киритишни таклиф қилдилар. Хусусан, «Ақлли ва хавфсиз уй» концепцияси доирасида кўп қаватли уйлар ҳудудида видеокузатув қурилмаларини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, смартфонлар орқали шошилинч хизматларни чақириш бўйича виртуал SOS тизимини жорий этиш мумкин.
Йиғилишда техник воситаларни маҳаллийлаштириш ва миллий дастурий таъминотни ишлаб чиқиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Маҳаллийлаштириш даражасини 30 фоиздан 60 фоизга етказиш ҳамда ускуналар ишлаб чиқариш қувватини ойига 10 мингдан 30 минг донагача ошириш қурилмалар таннархини 1,7 баробарга арзонлаштириши таъкидланди.
Шунингдек, Миллий гвардиянинг ваколатларини кенгайтириш вариантлари муҳокама қилинди. Расмийлар ушбу тузилма ҳимоясида бўлиши мумкин бўлган объектлар тоифалари сонини 13 тадан 24 тага етказиш, жисмоний, техник ва шахсий қўриқлаш, шунингдек, оммавий тадбирларда хавфсизликни таъминлаш хизматларини кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш ташаббусини илгари сурдилар. Бироқ Миллий гвардия фаолиятидаги кутилаётган ўзгаришларнинг тафсилотлари келтирилмаган.
Якунда давлат органлари вакиллари ислоҳотлар натижасида 2027 йилга бориб қўриқланадиган объектлар сони 600 мингтага етказилиши, мобил гуруҳлар сони эса 800 тага ошишини маълум қилдилар. Бундан ташқари, қўшимча равишда 1,5 мингта маҳаллада патруль хизматини йўлга қўйиш мақсадида қўриқлаш хизмати ходимлари штати 8 минг кишига кенгайтирилади.



