Финляндия президенти Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Александр Стубб Ислом цивилизацияси марказида. ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Финляндия президенти Александр Стубб Тошкентга расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Президент Стуббга марказ раҳбарияти ва олимлар ҳамроҳлик қилиб, жаҳон илм-фани ва ислом оламида улкан аҳамият касб этгувчи мазкур мажмуанинг аҳамияти тўғрисида батафсил маълумот беришди. Меҳмон кўрганларидан ҳайратга тушди.

«Ҳар бир экспозиция, ҳар бир зал, ҳар бир детал чуқур ўйланган. Уч минг йиллик тарихни бугунги авлодга шу даражада замонавий шаклда етказиб бериш — бу юксак санъат ва буюк маҳорат талаб этади. Бу Марказ нафақат ўтган асрлар меросини қайта жонлантирган, балки келажак авлод учун ҳам илҳом манбаига айланган. Айниқса, интерактив намойишлар ва инновацион технологиялар ёшларни ўзига жалб этади. Улар бу ерда тарихни ўқимайди — уни ҳис қилади», — деди президент Финляндия президенти.

Стубб Марказда яратилган муҳитда зерикиш имконсиз экани, бу даргоҳ нафақат ўтган асрлар меросини қайта жонлантиргани, балки келажак авлод учун ҳам илҳом манбаига айланганини таъкидлади.

Финляндия президенти Александр Стубб Қозоғистонга ташрифидан сўнг, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан 30 октябрь куни расмий ташриф билан Тошкентга келди. Қизиғи шундаки, Европа мамлакати раҳбари республика пойтахтига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг мунтазам рейсида учиб келди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

  • Шарқ музейининг Ўрта Осиё зали бўйлаб видеосаёҳат

  • Тошкентдаги Human House арт-майдонининг яратувчилари ўз уйларини бузилишдан сақлаб қола оладиларми

  • 9 май куни Ўзбекистон телеканаллари янги ҳарбий-тарихий фильмларни намойиш этади

  • Ўзбек мусиқачилари уйда ўтириб Равелнинг «Болеро» асари ижросини ёзишди