Ўзбек режиссёрининг фильми «Евроосиё кўприги» кинофестивалининг энг яхши бадиий фильми деб топилди

«Пахта» фильмидан кадр

Ўзбек режиссёри Рашид Маликовнинг «Пахта» фильми Москвада бўлиб ўтган X Халқаро «Евроосиё кўприги» кинофестивалида бадиий фильмлар йўналиши бўйича энг яхши деб топилди. Бу ҳақда «Российская газета» хабар берди.

Бадиий фильмлар дастурига саралаб олинган картиналарни ўзбек режиссёри ва сценарист Юсуп Розиқов раислигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолади. Ғолиб ва совриндорларни аниқлашда унга хитойлик ҳамкасби Лам Цань Чжао, шунингдек, россиялик продюсер ва сценарист Мария Бородянская ҳамроҳлик қилди.

Бородянскаянинг таъкидлашича, «Пахта» фильми турли мамлакатлардаги томошабинларга тушунарли бўлган бир нечта муҳим ижтимоий масалаларни кўтаради. Унинг қўшимча қилишича, «Евроосиё кўприги» кинофестивалидаги бош мукофот фильмнинг янада кенг аудиторияга етиб боришига ёрдам беради.

Вьетнамлик режиссёр Леон Лининг «Ки Нам ресторани» фильми ҳакамлар ҳайъатининг махсус эътирофига сазовор бўлди. Энг яхши режиссура учун мукофот эса россиялик Владимир Захаренкога Иккинчи жаҳон уруши воқеаларига бағишланган «Болалик остонасида» тарихий драмаси учун берилди.

Энг яхши ҳужжатли фильм деб россиялик Юлия Бобкованинг «Фаришталар мақоми» фильми топилди. Ушбу йўналишда ҳакамлар ҳайъатининг махсус эътирофига туркиялик режиссёр Алкан Авжиоғлу суратга олган «Постҳақиқат» фильми сазовор бўлди. Ушбу фильмнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у тўлиқ сунъий интеллект ёрдамида яратилган. Унда инсон ва технологиялар ўртасидаги муносабатлар, рақамли даврда воқелик ҳақидаги тасаввурларнинг ўзгариши таҳлил қилинади.

Ўзбек режиссёри Рашид Маликовнинг «Пахта» фильмига қайтсак, у «Фарғона» нашрига берган интервьюсида бош қаҳрамон образи орқали ўзбек аёлининг энг яхши фазилатларини кўрсатишни истаганини айтган. Унинг таъкидлашича, қаҳрамон ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаётдан маълум даражада қувонишда давом этади.

«Евроосиё кўприги» халқаро кинофестивали 2016 йилдан буён Россия Маданият вазирлиги кўмагида ўтказиб келинмоқда. Бу йил Москвада Болгария, Буюк Британия, Ҳиндистон, Испания, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Швейцария ва бошқа мамлакатлардан жами 14 давлатнинг 28 та фильми намойиш этилди. Фестивалнинг асосий дастури якунланганидан сўнг, фильмлар Россия пойтахтидан ташқари Қримда ҳам «Фестивал садоси» дастури доирасида намойиш этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ