Жаҳон банки мулозими Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини юқори баҳолади

Ислом цивилизацияси маркази. ИЦМ фотосурати

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассани ҳамда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ижрочи директор ўринбосари Бо Ли Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, деб хабар беради Марказ матбуот хизмати.

Ташриф Жаҳон банки ва ХВЖ делегацияларининг Тошкентга амалга оширган сафарлари доирасида бўлиб ўтди.

Делегация Марказнинг экспозиция бўлимлари билан танишар экан, Марказнинг нафақат 3 минг йиллик тарихни ўзида мужассам этган музей, балки халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги ўрни, хорижий университетлар ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқалари, маданий меросни сақлаш, рақамлаштириш ва уни келажак авлодга етказишга қаратилган истиқболли лойиҳалар билан танишдилар.

Ташриф давомида Марказнинг хорижий университетлар ва илмий муассасалар билан ҳамкорлигига, шунингдек маданий меросни сақлаш, рақамлаштириш ва оммалаштиришга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Антонелла Бассани Марказга яна бир бор ташриф буюриш истагини билдирди.

«Бу ерда тарихни шунчаки томоша қилмайсиз, балки уни ҳис қиласиз. Бу ерга ташриф буюришни узоқ вақтдан бери орзу қилардим ва бугун бу ушалганидан жуда мамнунман. Марказдаги ҳар бир экспозиция, ҳар бир экспонат Ўзбекистоннинг бой тарихи ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилади. Айниқса, тарихий қўлёзмалар ва нодир экспонатлар менда чуқур таассурот қолдирди. Мен ушбу Марказга яна қайтиб келишни истардим», – деди у.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ