Грузия ҳудудида ўзбек маҳсулотлари шоурумига эга логистика хаби ташкил этилади

Шавкат Мирзиёев ва Ираклий Кобахидзе. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Грузия ҳудудида саноат зонаси ва ўзбек маҳсулотлари шоуруми ташкил этилган логистика хаби яратилади. Ушбу ташаббус Тбилисида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе томонидан қўллаб-қувватланди, деб хабар беради Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.

Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Томонлар Ўзбекистон томонидан Поти ва Батуми денгиз портлари инфратузилмасидан фаол фойдаланиш масаласини муҳокама қилди. Мирзиёев Боку — Тбилиси — Карс темир йўл коридорининг ишга туширилишини қўллаб-қувватлаб, уни барпо этилаётган Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон магистрали билан боғлаш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Музокаралар давомида савдо-иқтисодий алоқалар масаласи ҳам кўтарилди, бу соҳада давлатлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 270 миллион долларга етди, жорий йил бошидан бу кўрсаткич 100 миллион доллардан ошди. Икки мамлакат раҳбарлари яқин йилларда товар айланмасини 1 миллиард долларга етказиш, импорт-экспорт операцияларидаги номутаносибликни бартараф этиш ҳамда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ўзаро етказиб беришни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режасини келишиб олди. Шунингдек, саноат кўргазмаларини ўзаро ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Мирзиёев ва Кобахидзе кеча бўлиб ўтган қўшма бизнес-форум натижаларини юқори баҳолади. Ушбу форум доирасида 2027 йилгача саноат кооперацияси дастури имзоланди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, электротехника саноати, энергетика, фармацевтика, озиқ-овқат ва енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, туризм, IT соҳаси ҳамда рақамли банк тизими йўналишларида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ва Грузия қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этади.

Учрашувда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, жорий йил март ойида Тошкентда Грузин маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди. Шу фурсатдан фойдаланиб, Мирзиёев Тбилисидаги боғлардан бирига ўзбек шоири Алишер Навоий номини берилгани учун грузин томонига миннатдорлик билдирди.

Муҳим воқеалардан бири Ўзбекистоннинг Грузияда элчихона очиш тўғрисидаги қарор қабул қилингани бўлди.

Мирзиёев Тбилисига амалга оширилган ушбу ташриф сўнгги йигирма йилдан ортиқ вақт ичидаги илк ташриф эканини таъкидлаб, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда алоҳида аҳамиятга эга эканини билдирди.

Музокаралар якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш учун «йўл харитаси» шакллантирилди.

Шунингдек, томонлар стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида Декларация имзолади. Ўзбекистон президенти ва Грузия бош вазири иштирокида икки давлатнинг бир қатор идоралари вакиллари божхона тартиб-таомиллари, ахборот-коммуникация технологиялари, таълим, экология, соғлиқни сақлаш, меҳнат миграцияси ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни назарда тутувчи ҳужжатлар алмашди.

Мирзиёевнинг Тбилисига ташрифи 2 июль куни бошланган. Шу куни Ўзбекистон раҳбари Грузия президенти Михаил Кавелашвили билан учрашди. У учрашув давомида меҳмонга ўз мамлакатининг энг юқори давлат мукофоти — «Олтин мўйна» орденини топширди.