Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида биринчи «Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» халқаро форуми доирасида «Ислом нури дурдоналари» номли халқаро кўргазма очилди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар қилди.
Экспозиция Қуръон залига жойлаштирилган. Унда мусулмонларнинг муқаддас китоби — Қуръони каримнинг қадимий қўлёзма нусхалари, хаттотлик ва миниатюра асарлари, амалий безак санъати намуналари, шунингдек, маданий мерос ёдгорликлари ўрин олган. Кўргазмадан Каъбанинг эшик қисми кисваси ва унинг атрофида XIX – XX асрларга тегишла бўлган, “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” ёзувли панно, Каъба кисвасидан олинган каллиграфик панел-“Ҳизам” ва Каъбапўш (Кисва) лар жой олган. Бу ўз навбатида Қуръон зали аҳамияти ва улуғворлигини янада оширишга хизмат қилади.
Кўргазмада шунингдек, 1900 йилда тайёрланган, пайғамбар алайҳиссалом қабрларидан олинган яшил ипакдан тайёрланган катта мақбара ёпқичи, “Мақоми Иброҳим”, XIX асрга оид “Маҳмил” намойиш этилди.
Кўргазма учун экспонатларнинг бир қисмини Жидда шаҳридаги Ислом санъати музейи тақдим этди. Саудия Арабистонидан Тошкентга ноёб қўлёзмалар, китоблар, хаттотлик асарлари ҳамда маданий мерос намуналари олиб келинди. Улар орасида XII аср Салжуқийлар даврига оид қўлёзма Қуръон варағи, куфий ва сулс хатида битилган Қуръон парчалари, XVII асрга мансуб қўлёзма Қуръон нусхалари, Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нашри, шунингдек, Маккадаги Масжидул Ҳаром тўсиғининг мисдан ясалган бир қисми ҳам ўрин олган.
Бундан ташқари, кўргазмада дуо тўпламлари, ғубор хатида битилган хаттотлик асари, Буюк Мўғуллар даврига оид қулф ва калит, заргарлик санъати намуналари, миниатюралар ҳамда кулолчилик буюмлари намойиш этилмоқда.
Қуръон зали кириш қисмида Усмоний мусҳафининг Ўзбекистонга қайтарилиши тарихи ва унинг Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига жойлаштирилишига бағишланган фотокўргазма ҳам очилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Администрациясининг Дин ва маърифат масалалари департаменти раҳбари Музаффар Камилов ҳамда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқди.
“Тақдимотда гувоҳи бўлганимиз ва бу ерда жам бўлган ушбу сермазмун, жуда катта бир кўргазманинг ҳам мазмун-моҳияти ислом тинчлик, маърифат дини ва бу бугун инсоният учун жуда муҳим эканлигини, албатта, шу орқали ёш авлодни тарбиялашда ислом маърифати энг тўғри йўл эканлигини кўрсатиб беришдир”, – деди Камилов.
“Мамлакатимизнинг узоқ илмий-тарихий даврида халқимизнинг интеллектуал салоҳияти туфайли яратилган нодир маданий мерос намуналари турли сабаблар билан юртимиздан олиб чиқиб кетилган. Фақат янги Ўзбекистон даврида, ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва доимий эътиборлари билан миллий ғуруримиз тимсоли бўлган буюк меросимиз намуналари ватанимизга қайта бошлади” – деди Марказ директори.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



