Қозоғистон президенти 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш ташаббусини қўллаб-қувватлади

magnific.com сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қурултойга (мамлакатнинг янги бир палатали парламенти) 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлаш масаласини устувор тартибда кўриб чиқишни таклиф қилди. Давлат раҳбари бу ҳақда парламентнинг биринчи сессияси очилишида маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

Тўқаев ҳукумат аввалроқ ушбу ташаббусни илгари сурганини эслатди. Давлат раҳбари қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, депутатларга уни яқин вақт ичида кўриб чиқишни топширди.

«Биз ўсиб келаётган авлод учун қулай ва, энг муҳими, хавфсиз муҳит яратишимиз шарт», — деди Тўқаев.

У қонунни тайёрлаш ва қабул қилиш жараёнида уни амалга оширишнинг барча механизмларини батафсил ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Бундан ташқари, президент Қурултойни онлайн-платформалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка алоҳида эътибор қаратишга чақирди.

«Фуқароларнинг ахборот маконидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қўшимча чоралар кўриш зарур», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Аввалроқ август ойида бўлиб ўтган педагоглар конференциясида Тўқаев ахборотнинг ҳаддан ташқари кўплиги жамиятга, жумладан, ёшларга ҳам салбий таъсир кўрсата бошлаганини айтган эди.

Президент ижтимоий тармоқлар, рақамли платформалар, сунъий интеллект ва агрессив маркетинг болаларнинг дунёқарашига оила ва мактаб каби таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, ўсиб келаётган авлоднинг психологик фаровонлиги, ҳиссий барқарорлиги ва ахлоқий тарбияси Қозоғистоннинг миллий хавфсизлиги ҳамда барқарор ривожланишининг муҳим омилларига айланган.

2025 йил декабрь ойида Австралия дунёда биринчи бўлиб 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлади. Кейинчалик Малайзия ҳам шунга ўхшаш чекловларни жорий қилди. Дания ва Норвегия ҳам болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклашни режалаштирмоқда. Буюк Британияда 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчилар учун тақиқ 2027 йилда кучга киради. Бирлашган Араб Амирликларида эса худди шундай тақиқ 15 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан амал қилади.

  • Марказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор