Ўзбекистон ҳукумати суюлтирилган газ бозорини ислоҳ қилиш учун LPG Trade компаниясини ташкил этади

«Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати газ таъминотининг бутун тизимини ислоҳ қилиш доирасида аҳоли учун суюлтирилган газни харид қилиш ва етказиб бериш билан шуғулланадиган LPG-Trade компаниясини ташкил этишни режалаштирмоқда. Тегишли таклифлар 7 сентябрь куни ўтказилган тақдимотда президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда айтилишича, айни пайтда мамлакатда қарийб 3,8 млн истеъмолчи ва 2 мингга яқин ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. 2026 йилда аҳоли ва ижтимоий объектлар эҳтиёжлари учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кўзда тутилган.

Амалдаги тизимда қатор муаммолар сақланиб қолаётгани кўрсатиб ўтилди. Айрим ҳудудларда суюлтирилган газ истеъмолчиларга белгиланган муддатда етиб бормаяпти. Натижада аҳоли қўшимча эҳтиёжини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидан бозор нархларида харид қилишга мажбур бўлмоқда. Тақдим этилган таҳлилга кўра, истеъмолчиларнинг 22 фоизи суюлтирилган газни 46 кундан ортиқ интервал билан олади. Бундай кечикишлар шароитида айрим оилаларнинг ойлик харажатлари амалда белгиланган нархдан бир неча баравар юқори бўлиб қолмоқда.

Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизимини қайта ташкил этиш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” таъсисчилигида “LPG-Trade” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Ушбу тузилма суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, белгиланган тартибда одамларга етказиб бериш билан шуғулланади.

Ҳозирда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари суюлтирилган газни имтиёзли нархларда олади. Шу билан бирга, газни ишлаб чиқариш, импорт қилиш, харид қилиш ва етказиб бериш харажатлари ўртасидаги фарқ йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу эса бюджет субсидияларига бўлган эҳтиёжнинг ортишига олиб келмоқда.

Барча учун нархни субсидиялаш ўрнига, ҳукумат ёрдамга ҳақиқатан муҳтож бўлган фуқароларнинг харажатларини қоплашни режалаштирмоқда. Суюлтирилган газнинг чакана нархини иқтисодий жиҳатдан асосланган тамойиллардан келиб чиққан ҳолда белгилаш режалаштирилмоқда.

Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун компенсация тўланиши белгиланади.

Бундай ёндашув нарх сиёсатини тартибга солиш ва муҳтож оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этиш имконини беради. Бюджет маблағларини умумий субсидиялар ўрнига аниқ истеъмолчига йўналтириш тизимнинг адолатлилиги ва самарадорлигини ошириши кутилмоқда.

Ижтимоий соҳа объектлари учун суюлтирилган газни биржа нархларида харид қилиш таклиф этилмоқда. Аҳолига белгиланган нархда сотиш натижасида юзага келадиган салбий фарқни республика бюджети ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.

Хусусий сектор иштирокини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Андижон вилоятида суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнига хусусий операторларни жалб этиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур жараёнда операторларда зарур лицензия ва рухсатномалар, малакали муҳандис-техник ходимлар бўлиши, хизматлар камида икки оператор томонидан амалга оширилиши, истеъмолчилар учун мобил илова ва онлайн хизматлар йўлга қўйилиши белгиланган. Истеъмолчилар сони ва ҳудудий масофалардан келиб чиқиб, шаҳарсозлик нормалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган шохобчалар ташкил этилиши кўзда тутилган. Ушбу тажрибани кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш имконияти кўриб чиқилади.

Мирзиёев ислоҳотларни пухта ҳисоб-китоб асосида, аҳоли учун қулайлик ва ижтимоий адолат тамойилларини таъминлаган ҳолда амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. У газ етказиб беришни аниқ график асосида йўлга қўйиш, ҳисоб-китобларни рақамли шаклга ўтказиш, тақсимотни шаффоф қилиш ҳамда сунъий тақчиллик ёки нархларни асоссиз оширишга йўл қўймаслик бўйича топшириқлар берди.

Тегишли идоралар олдига ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга компенсацияларни ўз вақтида тўлаш, газ объектларида ва уни ташиш жараёнида хавфсизлик техникаси талабларига қатъий риоя этилишини назорат қилиш, шунингдек, хусусий операторлар фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш вазифалари қўйилди.

Янги тизим газни етказиб беришни тезлаштириши, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаши ҳамда бюджет маблағларидан янада манзилли ва самарали фойдаланиш имконини бериши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ