Қирғизистонда кам таъминланган оилалар учун электр энергиясига имтиёзли тарифларни бекор қилиш таклиф этилди

Қирғизистон Энергетика вазирлиги кам таъминланган оилалар учун электр энергиясига бериладиган имтиёзли тарифларни бекор қилиб, уларни давлат томонидан пул кўринишидаги компенсация билан алмаштиришни таклиф этди. Республика ҳукуматининг тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, деб хабар беради 24.kg.

Энергетика вазирлигининг ташаббусига кўра, ўзгаришлар 16 ёшгача бўлган болаларни тарбиялаётган ва «Үй-бүлөгө көмөк» нафақасини олаётган оилаларга таъсир қилади.

Ҳозирги вақтда қирғизистонликларнинг ушбу тоифаси учун имтиёзли тариф амал қилмоқда — ойига 700 кВт/соатгача истеъмол қилинганда 1 киловатт-соат учун 50 тийин ($0,0057). Расмийларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қарийб 41,7 мингта оила электр энергияси ҳақини пасайтирилган нархларда тўлаб келмоқда.

Бироқ бундай тизим ижарадаги хонадонларда ёки бошқа оилалар билан биргаликда яшайдиган фуқаролар учун қийинчиликлар туғдирмоқда. Сабаби кўпинча шахсий ҳисобварақ кўчмас мулк эгаси номига очилган бўлиб, шу боис нафақа олувчилар давлат томонидан берилаётган кўмакдан фойдалана олмайдилар.

Ана шундай ҳолатлар Энергетика вазирлиги учун амалдаги тартибни ўзгартиришга сабаб бўлди. Мутасаддиларнинг режасига кўра, имтиёзли тариф ўрнига ёзда ойига 588 сом ($6,72) ва қишда 798 сом ($9,13) миқдорида компенсация белгиланади.

Қонун лойиҳасида ойдинлик киритилишича, ёзги давр 1 апрелдан 1 октябргача, қолган олти ой эса қишки давр ҳисобланади. Шу билан бирга, мавсумий истеъмол меъёрлари ҳам назарда тутилган: ёзда 400 киловатт-соатгача ва қишда 700 кВт/соатгача.

Соҳа вазирлиги ходимларининг таъкидлашича, компенсация тўловларига ўтиш кам таъминланган фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни сақлаб қолиш ва шахсий ҳисобварақ кимнинг номига расмийлаштирилганидан қатъи назар, ёрдамни барча учун очиқ қилиш имконини беради.

Идора электр энергияси тарифлари ўзгарган тақдирда, компенсациялар миқдори ҳам қайта кўриб чиқилишига ваъда бермоқда.

Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2027 йилда камбағал оилаларга ажратиладиган тегишли тўловлар учун республика бюджетидан 381,2 миллион сом ($4,3 млн) талаб этилади.

Қонун лойиҳасида битта ҳисоблагичга уланган бир нечта хонадон учун электр энергияси тўловини ҳисоблаш тартиби ҳам белгилангани аниқлаштирилмоқда. Мазкур ҳолатда имтиёзли истеъмол ҳажмини белгилашда ўтказилган хатлов асосида ҳисоблаш асбобига уланган якка тартибдаги маиший истеъмолчилар сонини инобатга олиш таклиф этилмоқда.

Агар Энергетика вазирлигининг ушбу ташаббуси ҳокимиятнинг барча босқичларида тасдиқланса, янги қоидалар 2027 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тожикистон пойтахти мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган текширув ўқитувчилар сони кўпайгани, аммо билим даражаси пасайганини кўрсатди

  • «Росатом» Марказий Осиёда ядро тиббиётини қандай ривожлантираётгани ва лойиҳалар қайси босқичда экани ҳақида

  • Россия тарғиботи қозоғистонликларга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида

  • Нима учун Пекин умумий чегарага эга бўла туриб, толиблар билан Марказий Осиё орқали савдо қилаётгани ҳақида