Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришга масъул бўлган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини баҳолаш тизими ўзгаради — сон кўрсаткичларидан сифат кўрсаткичларига ўтилади

Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришга масъул бўлган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини баҳолаш тизими ўзгаради — сон кўрсаткичларидан сифат кўрсаткичларига ўтилади. Янги корхоналар фаолиятининг барқарорлиги, иш ўринларининг сақланиб қолиши ҳамда товар айланмасининг ўсиши асосий мезонларга айланади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда эълон қилинди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Мамлакат муайян натижаларга эришгани, хусусан, 2017 йилдан буён қарийб 11 миллион киши камбағалликдан чиқарилгани қайд этилди. Бу эса аҳоли даромадларини ошириш ва ўрта синфни кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Шу билан бирга, тадбиркорлик соҳасида ҳамон ишга солинмаган катта салоҳият сақланиб қолмоқда. Чунончи, иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик ва ўрта бизнесда жамланган бўлса-да, мазкур тармоқнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши атиги 55 фоизни ташкил этмоқда. Микрокорхоналарнинг йирикроқ тоифага ўтиш кўрсаткичи бор-йўғи 4 фоизга тенг бўлиб, бу халқаро кўрсаткичлардан бир неча баробар пастдир. Ахборот технологиялари, логистика, молия ва суғурта сингари юқори рентабелли соҳаларда эса кичик бизнеснинг улуши 8 фоиздан ошмайди.

Шу муносабат билан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш, бизнесни бошлашдан то ташқи бозорларга чиқишгача бўлган барча босқичларда комплекс хизматлар кўрсатиш таклиф этилди. Президент кредитлаш, кафолат ва кафилликлар бериш, лизинг, факторинг, венчур молиялаштириш ҳамда капиталга инвестиция киритиш каби инструментлардан фойдаланишни кенгайтириш бўйича топшириқ берди.

Ўзбекистон Марказий банки вакиллари ўз ғоялари тақдимотини ўтказди. Хусусан, кредит лаёқатини баҳолашнинг муқобил услубларини жорий этиш, банклар ва финтех-компаниялар ўртасида хавфсиз маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, битта ариза орқали бир нечта ташкилотдан кредит таклифларини олиш имкониятини яратиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, ҳудудларда бизнес инкубаторлари ва лойиҳа офислари, туманларда микро, кичик ва ўрта бизнесга кўмаклашиш марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, тадбиркорларга “бир дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш таклиф этилди.

Йиғилишда аҳоли даромадларини оширишга йўналтирилган ташаббуслар ҳақида ҳам ахборот берилди. Шу мақсадда қиймати 81 триллион сўмлик (6,7 миллиард доллар) мингта лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 320 мингта иш ўрни яратиш, ихтисослашган маҳаллалар негизида кооперацияни ривожлантириш, томорқалар ва ижарага олинган ерларда бозорбоп маҳсулотлар етиштириш режалаштирилмоқда.

Мутасаддиларнинг прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб кичик ва ўрта корхоналарнинг йирик корхоналар тоифасига ўтиш суръатини икки баробар ошириш, фуқароларнинг умумий бандлигида ушбу тармоқ улушини 80 фоизга, ўрта синф улушини эса 90 фоизга етказиш кутилмоқда.

Шунингдек, бизнесни кредитлашнинг умумий ҳажмида кафолат ва кафиллик асосида ажратиладиган кредитлар улуши 1 фоиздан 12 фоизгача, халқаро молия институтлари маблағлари ҳамда бозор қарзлари улуши эса 17 фоиздан 35 фоизгача ортиши кўзда тутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тожикистон пойтахти мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган текширув ўқитувчилар сони кўпайгани, аммо билим даражаси пасайганини кўрсатди

  • «Росатом» Марказий Осиёда ядро тиббиётини қандай ривожлантираётгани ва лойиҳалар қайси босқичда экани ҳақида

  • Россия тарғиботи қозоғистонликларга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида

  • Нима учун Пекин умумий чегарага эга бўла туриб, толиблар билан Марказий Осиё орқали савдо қилаётгани ҳақида