Қирғизистон VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларида Қозоғистоннинг ғалабасини тан олди

24.kg сайти фотосурати

VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг ғолиби деб Қозоғистон эълон қилинди.

«Қозоқ биродарларимизни ғалаба билан табриклаймиз!» — деб ёзади Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозов ўзининг Facebook саҳифасида.

Аввалроқ ҳар икки республика мусобақалар якунлари бўйича турлича натижаларни тақдим этиб, ўзини биринчи ўринга қўйган эди. Қирғиз томонининг версиясига кўра, Ўйинлар мезбони 72 та медаль — 30 та олтин, 29 та кумуш ва 13 та бронза медалини қўлга киритиб, биринчи ўринни эгаллаган. Қозоғистонга эса 64 та медаль, жумладан 29 та олтин, 16 та кумуш ва 19 та бронза медали насиб этган.

Остонада Қозоғистон спортчилари 74 та медаль — 32 та олтин, 20 та кумуш ва 22 та бронза медалини қўлга киритгани ва биринчи ўринни айнан Қозоғистон эгаллаши кераклиги маълум қилинди. Қирғизистонга эса қозоқ томони 84 та медални ҳисоблаган бўлиб, улардан 30 таси олтин, 35 таси кумуш ва 19 таси бронза медалларидир.

Келишмовчиликлар фонида ташкилотчилар томонидан эълон қилинган умумий медаллар жадвали қўшимча текширув ўтказиш учун олиб ташланди.

«Бугун ташкилий қўмита Қозоғистоннинг уч нафар спортчисининг ҳар бир медалини алоҳида ҳисобга олишга қарор қилди. Шу тариқа, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Қозоғистон эгаллади», — деди Алагозов.

Унинг сўзларига кўра, VI Жаҳон кўчманчилар ўйинлари юқори савияда ўтказилди ва катта спорт байрами таассуротини қолдирди.

«Айниқса, кўк-бўру ва жер-улак мусобақалари томошабоп бўлди. Уларда қирғиз ва қозоқ жамоалари юқори даражада ўйин намойиш этиб, спортдаги рақобат фақат мусобақа майдонида қолишини яна бир бор исботлади», — дея таъкидлади матбуот котиби. У мухлислар ўртасида ҳам келишмовчиликлар кузатилмаганини қайд этди.

VI Жаҳон кўчманчилар ўйинлари 2026 йил 31 августдан 6 сентябрга қадар Қирғизистонда бўлиб ўтди. Тантанали очилиш маросими 31 август куни «Бишкек Арена»да ўтказилди. Шундан сўнг асосий спорт, маданий ва илмий тадбирлар Иссиқкўлда давом этди. Кўкпар ва кўк-бўру бўйича финал мусобақалари 6 сентябрь куни Чўлпон-Отада бўлиб ўтди, шу куни кечқурун Ўйинларнинг ёпилиш маросими ўтказилди.