Жапаров қирғизистонлик муҳожирларни Ватанга қайтишга чақирди: «Қайтинглар, иш бор»

Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров хорижда меҳнат қилаётган ватандошларини ўз юртига қайтишга чақирди. Бу ҳақда Kaktus.media хабар берди.

Президент Баткен вилоятининг Лайлак тумани аҳолиси билан учрашувда сўнгги вақтларда Қирғизистондан хорижга ишлаш учун кетаётган меҳнат муҳожирлари сони камайганини, бироқ уларнинг сони ҳали ҳам нолга тушмаганини таъкидлади.

«Биз мигрантларни доимий равишда қайтишга чақирамиз: “Келинглар, қайтинглар, иш ўринлари бор”. Улар қайтиб келсак, нима қиламиз, деб сўрашади. Гўёки ўз юртида иш йўқдек. Биз айнан шунинг учун Давлат ипотека компанияси орқали уй-жойлар қуряпмиз. Совуқ ва иссиққа қарамай, қурилиш кечаю кундуз давом этмоқда. Бу мигрантларнинг хорижга кетмаслиги, кетганларнинг эса қайтиб келиши мақсадида қилиняпти. Агар фарзандларингиз четда бўлса, уларни чақиринг, қайтиб келишсин. Бу ерда иш йўқ, деган гаплар шунчаки баҳона. Иш бор», — деди давлат раҳбари.

Қадамжой тумани ва Қизилқия шаҳри аҳолиси билан учрашувда Жапаров Баткен вилояти Қирғизистон учун стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд эканини таъкидлади.

«Бугун амалга оширилаётган барча ишлар Баткеннинг эртанги тараққиёти учун пойдевор бўлиб хизмат қилади. Йўллар ва мактаблар қурилмоқда, болалар боғчалари очилмоқда. Аҳоли пунктларини босқичма-босқич тоза ичимлик суви билан таъминлаш, шифохоналарни таъмирлаш ва спорт иншоотларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича ҳам чоралар кўрилмоқда. Бизнинг мақсадимиз — Баткен вилоятини иқтисодиёти кучли, ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати, савдо ва туризм соҳалари ривожланган ҳудудга айлантириш», — дея хулоса қилди президент.

Қирғизистон ҳукумати аввал ҳам меҳнат мигрантларини Ватанга қайтишга чақирган. Хусусан, 2026 йил июль ойида Ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев «Биринчи радио» эфирида мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилгани ва иш ҳақи ошганини маълум қилганди.

«Темир йўл ва гидроэлектр станцияларини қуриш учун малакали мутахассислар — электриклар, сантехниклар, токарлар ва дурадгорлар керак. Бугун экскаватор ва трактор ҳайдовчилари 80–90 минг сом (ўртача 1000 доллар) маош олишмоқда, бундан кам эмас», — деди Қулубаев. Унинг қўшимча қилишича, ўз юртида ишлаш хавфсизроқ, шунингдек, ипотека расмийлаштириш имконияти мавжуд.

Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йил бошидан буён мамлакат ташқарисида 736,6 минг нафар Қирғизистон фуқароси меҳнат қилган. 2025 йилда бу кўрсаткич 798,4 минг нафарни ташкил этган. Меҳнат муҳожирлари учун асосий йўналиш ҳануз Россия бўлиб қолмоқда. Март ойида у ерда Қирғизистоннинг 472 мингдан ортиқ фуқароси бўлган. Қирғизистонлик муҳожирлар бошқа мамлакатларда ҳам меҳнат қилмоқда: Қозоғистонда — тахминан 70 минг нафар, Туркияда — 35 минг нафар атрофида, АҚШда — 60 минг нафарга яқин, Жанубий Кореяда — 18 минг нафар атрофида, Германияда — 20 минг нафардан ортиқ, Бирлашган Араб Амирликларида — 10 минг нафарга яқин, Ўзбекистонда — 6 минг нафардан ортиқ, Италияда — 5 минг нафардан зиёд, Буюк Британияда эса тахминан 7 минг нафар қирғизситонлик меҳнат қилмоқда. 2025 йилда меҳнат мигрантлари Қирғизистонга 3,1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул ўтказган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ