Коррупциявий можаролар фонида лавозимидан озод этилган Ўзбекистон Миграция агентлигининг собиқ раҳбарига янги иш топилди

Беҳзод Мусаев. «Ватандошлар» ЖФ сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Миграция агентлиги директори лавозимидан сентябрь ойи бошида идорадаги бир қатор коррупциявий можаролардан сўнг озод этилган Беҳзод Мусаев «Ватандошлар» жамоат фонди бошқаруви раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда ташкилот сайтининг «Раҳбарият» бўлимида маълумот берилган.

Илгари жамоат фондига Одилжон Саттаров раҳбарлик қилган. У 2021 йил сентябрь ойидан буён фонд раиси лавозимида ишлаб келган. Энди эса у бошқарув раисининг ўринбосари сифатида кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, Беҳзод Мусаев 2024 йил сентябрь ойида Миграция агентлиги раҳбари этиб тайинланган эди. Унга қадар турли йилларда Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири, Соғлиқни сақлаш вазири, ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича Бош вазир ўринбосари, Ҳисоб палатаси раиси ва Давлат солиқ қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган.

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев уни лавозимидан озод қилди. Миграция агентлиги директори лавозимига эса аввал Японияда элчи бўлиб ишлаган Мухсинхўжа Абдураҳмонов тайинланди.

Мусаевнинг лавозимидан озод этилиши сабабларига аниқлик киритилмаган. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қарор унинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан қабул қилинган.

Шу билан бирга, у лавозимидан кетишидан бироз олдин оммавий ахборот воситаларида Миграция агентлигидаги бир нечта коррупциявий можаролар ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Масалан, май ойида Бош прокуратура идоранинг собиқ ходимлариам кирган жиноий гуруҳни аниқлаган. Тергов версиясига кўра, гумонланувчилар Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяга ишлаш учун юбориш бўйича ноқонуний схема ташкил этган. Тезкор тадбирлар давомида фирибгарлар минглаб одамларни алдагани аниқланган. Етказилган зарар миқдори ўн миллионлаб долларга баҳоланган.

Август ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Миграция агентлиги мансабдор шахслари йирик миқдордаги маблағларни ўзлаштиришда гумонланаётганини маълум қилди. Гап давлат идорасида амалда ишламаган икки фуқарога иш ҳақи сифатида берилган қарийб 1 миллиард сўм (тахминан 85 минг доллар) ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, халқаро қидирувда бўлган агентликнинг собиқ ходими Азиз Таштемиров ўзининг аввалги идораси раҳбариятига оид фош этувчи маълумотларни эълон қилганди. Жумладан, у Беҳзод Мусаевни давлат идораси раҳбарининг оиласи номига расмийлаштирилган бизнесни «илгари суриш»да айблаган.

ℹ️ «Ватандошлар» жамоат фонди Ўзбекистон президентининг 2021 йил 11 августдаги қарори асосида ташкил этилган. Унинг мақсади хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашишдан иборат. Дастлаб фонд эҳтиёжлари учун республика ҳукумати захира жамғармасидан 5 миллиард сўм (420 минг доллар) ажратиш кўзда тутилган эди. Кейинчалик ташкилотни молиялаштириш манбалари сифатида давлат субсидиялари, муассислар маблағлари, хайриялар, грантлар ва қонун билан тақиқланмаган бошқа тушумлар белгиланган. Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида давлат бюджетидан фондга мунтазам равишда ажратиладиган маблағларнинг аниқ миқдори кўрсатилмаган.