Жаҳон банки Тожикистонга қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий лойиҳалар учун қўшимча 45 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратади

Гаэль Рабаллан ва Файзиддин Қаҳҳорзода. Жаҳон банки матбуот хизмати фотосурати

Жаҳон банки (ЖБ) Тожикистон ҳукуматига қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий дастурларни, жумладан, болаларнинг эрта ривожланиши билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча 45 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратади. Тегишли келишувларни республика молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода ва Жаҳон банкининг Тожикистондаги доимий вакили Гаэль Рабаллан имзолади. Бу ҳақда халқаро ташкилот ўзининг Facebook даги саҳифасида хабар берди.

«Қишлоқ хўжалиги секторининг барқарорлигини мустаҳкамлаш» лойиҳаси учун Жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) 7,5 миллион доллар ажратади.

Маблағлар Данғара туманида агротехника маркази қурилишини якунлаш ва Душанбе шаҳрида шундай мажмуани жиҳозлаш учун сарфланади. Душанбе шаҳридаги марказда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш ускуналарини ўрнатиш режалаштирилган. Жаҳон банки таҳлилчиларининг фикрича, ушбу марказлар тожикистонлик фермерларга даромадларини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, лойиҳа мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Яна бир лойиҳа «Тожикистонда инсон капиталини ривожлантириш учун болаларнинг эрта ривожланиши» деб номланади. Ушбу лойиҳа учун ХТА 30 миллион евро (33,5 миллион доллар) ажратади. Аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини молиялаштириш глобал жамғармаси эса Жаҳон банки ҳомийлигида фаолият юритувчи ташкилот сифатида қўшимча 4,5 миллион доллар йўналтиради.

Дастур республикадаги тўртта туманни қамраб олади. Унинг доирасида 300 та мактабгача таълим гуруҳини ташкил этиш ва мактабгача таълимнинг янги шаклларидан фойдаланишни кенгайтириш учун шароит яратилади. Шунингдек, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш ва болалар ривожланишини баҳолаш ҳамда мониторинг қилиш тизимига рақамлаштириш жараёнларини кенг жорий этиш орқали соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини яхшилашга маблағ йўналтириш режалаштирилган.

Экспертлар фикрича, лойиҳанинг амалга оширилиши болаларнинг мактабга тайёрлигини оширади, уларнинг соғлом ва ҳар томонлама ривожланишига кўмаклашади ҳамда Тожикистонда инсон капиталини шакллантириш асосларини мустаҳкамлайди.

Ушбу дастур Жаҳон банки томонидан 2020 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Дастлаб лойиҳа учун 73 миллион доллар маблағ ажратилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ