Пенза вилоятида «Ўрта Осиё — Марказ» газ қувурининг бир қисмида портлаш юз берди

Россиянинг Пенза вилоятида «Ўрта Осиё — Марказ» магистрал газ қувурида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашри «Газпром трансгаз Саратов» компаниясига таяниб хабар берди.

Ҳодиса Волчково қишлоғи ҳудудида юз берган. Портлашдан сўнг кучли машъала кўринишидаги ёнғин бошланган, олов устунининг баландлиги тахминан 70 метрга етган. Ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Газ қувури тезкорлик билан ёпилган. Ҳодиса жойида ўт-ўланлар ҳам ёнган.

Газ қувури «Газпром трансгаз Саратов» масъулияти чекланган жамиятига тегишли. Ушбу участка Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондаги конларни Россия ҳамда Европа истеъмолчилари билан боғлайдиган йирик транспорт тизимининг бир қисми ҳисобланади. Мазкур йўналишнинг умумий узунлиги тахминан 5 минг километрни ташкил этади.