Жадидлар авлодлари оилавий ҳужжатларни ягона рақамли архивга бирлаштиришни таклиф қилди

Жадидлар. ИЦМ фотосурати

Ўзбекистонда маърифатпарвар жадидлар оилаларида сақланиб қолган хатлар, фотосуратлар, қўлёзмалар ва хотираларни бирлаштирган «Жадидлар хотираси» халқаро рақамли архивини яратиш таклиф этилди. Ташаббус Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида жадидчилик ҳаракати вакиллари авлодлари иштирокида ўтказилган учрашувда тақдим этилди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда машҳур маърифатпарварларнинг авлодларидан ташқари тарихчилар ва тадқиқотчилар ҳам иштирок этди. Улар оилавий архивларни қандай сақлаш, жадидлар меросини ёш авлодга етказиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Рақамли архивни «Ёш тадқиқотчилар» лойиҳаси билан ҳамкорликда яратиш таклиф қилинди. Ҳужжатларни эгалари розилиги билан ва илмий текширувдан ўтказилгандан сўнг ягона маълумотлар базасига киритиш режалаштирилмоқда. Иштирокчилар тарихий меросни замонавий медиа форматлари ва сунъий интеллект технологиялари ёрдамида оммалаштириш имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.

Учрашувни очар экан, Тарих институти директори, академик Азамат Зиё оилавий хотиралар расмий ҳужжатларда акс этмаган маълумотлар билан тадқиқотларни бойитиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сиёсий ва ижтимоий шароитлар жадидларга ўз мақсадларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермаган, бироқ бугун уларнинг фаолиятини ўрганиш учун янги имкониятлар пайдо бўлди.

«XIX асрнинг сўнгги, XX асрнинг бошларида, Россия империясининг мустамлакачилик сиёсати Туркистон заминида авж олган бир шароитда, юртимизда ўз миллати, халқи ва Ватани тақдири учун жавобгарликни ҳис этган, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган, ўзини эл-юрт манфаати йўлида фидо қилишга тайёр бўлган зиёлилар авлоди шаклланди. Агар ана шундай инсонлар жамиятда кўпчиликни ташкил этганида эди, халқимизнинг тарихий тақдири ва тараққиёт йўли, эҳтимол, бутунлай бошқача кечган бўларди», — деди Зиё.

Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов учрашув президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилганини таъкидлади. Унинг айтишича, тадбирнинг асосий мақсадлари маърифатпарварлар меросини ўрганиш ва уларнинг авлодлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

«Аждодларимиз асрлар давомида тўплаган хазинани бизга мерос қолдиришди. Уни ўз билимларимиз ва кашфиётларимиз билан бойитиб, жадид боболаримиз бошлаган маърифат ишини муносиб давом эттирайлик. Улар бизга ўз орзуларини омонат қолдиришди, биз эса келажак авлодларга шу орзуларни рўёбга чиқариб қолдиришга қодирмиз», — деди Абдухолиқов.

Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Дилноза Жамолова жадидлар авлодларини излаш ва уларнинг хотираларини тўплаш ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, 2023 йилда Jadidlar.uz платформасини яратиш ғояси муҳокама қилинганидан сўнг тадқиқотчилар қарийб 150 нафар авлод вакилининг шахсини аниқлашга ва уларнинг хотираларини ёзиб олишга муваффақ бўлганлар. Бундай ҳикоялар расмий манбаларда акс этмаган воқеалар ва шахсий тажрибаларни ўрганиш, маълумотларни ўзаро таққослаш ҳамда тадқиқотлар учун янги йўналишларни аниқлаш имконини беради.

Жамолова жадидлар фаолияти фақат мактаб таълимини ислоҳ қилиш билан чекланмаганини таъкидлади. Улар ёшларнинг хорижда таҳсил олишини қўллаб-қувватлаган, хайрия маблағларини жалб қилган, матбуот ва театрни ривожлантирган. Шу сабабли, унинг фикрича, жадидчилик ҳаракатини таълим, маданият, иқтисодиёт ва сиёсий тафаккур тарихи билан узвий боғлиқ ҳолда ўрганиш зарур.

«Уларнинг олдинги уйғониш даврларидан фарқи шунда эдики, жадидларни қўллаб-қувватлайдиган ҳукмдорлар ёки кучли сиёсий таянч мавжуд эмас эди. Улар ўзлари бирлашиб, миллий давлатчиликни тиклаш, Туроннинг илгариги тараққиётини қайта юксалтириш ва халқни маърифатли қилиш учун ҳаракат қилдилар», — деди тарихчи.

Учрашувда маърифатпарварларнинг авлодлари оилавий хотиралари билан ўртоқлашдилар. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг набираси Шоҳрух Беҳбудий оилада бобосининг «Падаркуш» пьесасини яратиши, газета нашр этиши ва кутубхона ташкил қилиши ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолганини айтди. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Беҳбудий фаолиятининг кўлами ва ғояларининг аҳамияти чуқурроқ англанмоқда.

«Янги тарихимизда мен ўйлайманки, ҳақиқий қаҳрамонлар — бу жадидлар. Чунки улар қилган нарсалар — ўз ҳисобларидан мактаблар очиш, газеталар чиқариш, кутубхоналар ташкил қилиш, театрлар очиш — ҳар ким ҳам қила оладиган иш эмас эди. Бу ишларни қилиш учун жасорат керак эди», — деди маърифатпарварнинг набираси.

Обиджон Маҳмудовнинг набираси Мақсуда Обиджонова бундай учрашувлар узоқ вақт давомида етарлича танилмаган тарихий шахсларнинг номларини қайта тиклаш ва уларнинг қариндошлари хотираларини жамоатчиликка етказишга ёрдам беришини таъкидлади.

«Жадидчилар топган пулларини фақат ўзлари еб-ичиб ўтирмаган. Бойликларини давлат, халқ ва ишларини ривожлантириш учун сарфлашган. Халқни билимли қилиш, маданиятли қилиш, шаҳарни ривожлантириш учун ҳаракат қилганлар», — деди Обиджонова.

Учрашувда, шунингдек, Саидризо Ализода, Абдуқодир Шакурий, Ҳожи Муин, Вадуд Маҳмуд, Пўлат Солиев, Мусожон Саиджонов, Ҳасанхон Ниёзий, Марям Султонмуродованинг авлодлари ҳам иштирок этди. Муҳокамалар, жумладан, уларнинг оилавий архивларида сақланаётган китоблар, фотосуратлар ва ҳужжатларни асраб-авайлаш ҳамда ушбу материалларни илмий тадқиқотларга жалб этиш масалаларига бағишланди.

Жадидчилик — XIX аср охири ва XX аср бошларида Марказий Осиёда кенг тарқалган маърифатпарварлик ва ижтимоий ҳаракатдир. Унинг вакиллари таълимни янгилаш ва замонавий билимларни ўзлаштириш тарафдори бўлганлар. Туркистонда жадидлар янги ўқитиш усулларига асосланган мактаблар очган, дарсликлар ва газеталар нашр этган, миллий адабиёт ва театрни ривожлантирганлар. Улар маърифатни жамиятни ўзгартириш билан узвий боғлиқ деб билганлар.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ