РПЧнинг Қозоғистондаги собиқ руҳонийси ўзининг айбсизлиги ва урушга қарши позицияси учун таъқиб қилинаётганини таъкидлади

Иаков Воронцов. Унинг Facebookдаги саҳифасидан фотосурат

Қозоғистонда қамоқда сақланаётган Рус православ черковининг собиқ руҳонийси Иаков Воронцов ҳамфикрларига мурожаат қилиб, улардан ўзларини хафа қилган кишиларни кечиришни сўради. Шунингдек, у ўзининг айбсиз эканини яна бир бор таъкидлаб, жиноий таъқибга учраётганини Қозоғистонда мустақил православ жамоасини ташкил этишга уриниши билан боғлади.

14 октябрдаги мурожаатида (таҳририят ихтиёрида мавжуд) Иаков ота ўзининг ҳукм қилинишида айбдор деб ҳисоблаган кишиларни кечиришини маълум қилди ва тарафдорларини ишонч ҳамда умидни йўқотмасликка чақирди.

«Қамоқда ўтказган ойлар давомида Худо мени тавба ва покланиш йўлидан олиб ўтди. У қалбимга хотиржамлик бағишлади ва барчани кечиришни ўргатди. Ўз навбатида, мен ҳам қалбимга яқин бўлган барча инсонлардан, мени эшитаётган ҳар бир кишидан сўрайман: кечиринг! Кечириш — Худонинг амри, тинчлик ва муҳаббат гаровидир. Кечиришни истамаслик, хафагарчилик ва қасос — бизни заҳарлайдиган, севиш қобилиятидан маҳрум этадиган, Худо ва инсонлар билан бўлган тинчлигимизни бузадиган заҳардир», — деб таъкидлайди Иаков ота.

Воронцов ўзининг уйида сақлаганликда айбланган гиёҳванд моддалар унга туҳмат қилиш мақсадида ташлаб кетилганини маълум қилади ва ҳеч қачон бундай моддаларни истеъмол қилмаганини айтади.

Руҳоний, шунингдек, ҳибсга олинишидан олдин Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузи, черковнинг ҳарбийлаштирилиши ва РПЧ раҳбариятининг хатти-ҳаракатларига қарши очиқ баёнотлар билан чиққанини эслатди. Унинг сўзларига кўра, у Бутунжаҳон патриархи раҳбарлигига ўтишни мақсад қилган мустақил православ жамоасини рўйхатдан ўтказиш устида ишлаган. Ҳужжатлар рўйхатдан ўтказиш учун топширилган, бироқ жамоа бунга эришмаган.

«Мана, энди мен қамоқдаман. Албатта, буларнинг барчаси жамоамизнинг рўйхатдан ўтказилишига йўл қўймаслик мақсадида қилинган. Ҳа, жамоа рўйхатдан ўтказилмади. Ҳа, унинг сайланган раҳбарига туҳмат қилиниб, у озодликдан маҳрум этилди. Аммо жамоа барибир шаклланди. Сон жиҳатидан кам ва тарқоқ бўлсак-да, бизнинг жамоамиз ҳақиқий, Худога содиқ ва руҳан бирдам: ибодатимиз ва эътиқодимиз бир», — деб ҳисоблайди руҳоний.

У диний қарашларини қўллаб-қувватлайдиган барча кишиларни ўзларини ушбу жамоанинг бир қисми деб билишга чақиради.

Мурожаати якунида Иаков ота ўзи ва жамоаси учун дуода бўлишни сўрайди. У қамоқдаги оғир шароитларга қарамай, эътиқоди янада мустаҳкамланганини таъкидлаган.

Иаков Воронцовнинг оиласига ёрдам бериш учун унинг опаси Светлана Митконинг банк картасига пул ўтказиш мумкин: 4400 4303 1431 7725.

Воронцовнинг асл исми Владимир бўлиб, у Олмаотада туғилган ва РПЧнинг Остона ва Олмаота епархиясида иеромонах бўлиб хизмат қилган. У Россиянинг Украинага бостириб киришини ва Москва патриархати раҳбарияти сиёсатини очиқ қоралаганидан кейин танилган. Кейинчалик у руҳонийлик унвонидан маҳрум қилинган. Қозоғистонда Москвадан мустақил православ жамоасини рўйхатдан ўтказишга бўлган уринишлари эса мамлакат Адлия вазирлиги томонидан икки марта рад этилган.

Руҳоний Иаков Воронцов суд залида

7 октябрь куни Олмаота шаҳри Медеу туманидаги 2-сонли суд Воронцовни сотиш мақсадисиз, психотроп модда аналоги бўлган воситани қонунга хилоф равишда, айниқса кўп миқдорда сотиб олиш ва сақлашда айбдор деб топди. (Қозоғистон Жиноят кодексининг 296-моддаси 4-қисми). «Фарғона» нашри ёзганидек, гап тинтув вақтида унинг ёнидан топилган 2,44 грамм меткатинон аналоги ҳақида бормоқда.

Суд уни олти йилга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. Бироқ, янги Конституция қабул қилиниши муносабати билан эълон қилинган амнистия туфайли жазо муддати тўрт йилга қисқартирилди. Воронцов тергов ҳибсхонасидан хат орқали ўзининг содир этмаган қилмиши учун «риёкорона тавба қилишни» таклиф этишганини маълум қилди. «Шунда шартли жазо беришарди. Аммо мен бу гуноҳни ўз зиммамга олмадим», — деб ёзган Воронцов.

  • 150 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар ва журналистлар Юлия Емельянова ва Мансур Мовлаевни Россияга экстрадиция қилишга қарши баёнотни имзоладилар

  • Қозоғистон сунъий интеллект пойгасида АҚШ ва Хитой ўртасида қандай мувозанат сақламоқда

  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди