Қозоғистонликларга мегаполислардан бошқа жойга ихтиёрий кўчиб ўтгани учун пул тўланади

Ustinka.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда йирик шаҳарлар ва аҳоли ҳаддан ташқари зич жойлашган ҳудудлардан ишчи кучи етишмайдиган вилоятларга ихтиёрий равишда кўчиб ўтадиган фуқароларга субсидиялар тўлаш тартиби тасдиқланди. Тўловларни тақдим этиш қоидаларини Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги тасдиқлаган. Тегишли буйруқ ҳуқуқий ахборотнинг онлайн базасида эълон қилинди.

Кўчиб кетиладиган ҳудудлар қаторига Олмаота, Остона ва Шимкент шаҳарлари, шунингдек, Жамбил, Туркистон ва Манғистау вилоятлари киритилган. Бунда сўнгги 10 йилда аҳоли сонининг 2 фоиздан ортиқ ўсгани ёки аҳоли зичлиги ҳар квадрат километрга 6,4 кишидан юқори экани мезон сифатида белгиланган.

Масалан, Шарқий Қозоғистон, Шимолий Қозоғистон, Қўстанай, Павлодар, Абай, Қарағанда ёки Улитау вилоятларига кўчиб ўтиш орқали давлат кўмагини олиш мумкин. Бу ҳудудларда ҳокимият органлари ишчи кучига эҳтиёж борлигини таъкидламоқда.

Дастур кўчиш ва коммунал хизматлар харажатларини қоплаш, хизмат уйи билан таъминлаш ёки уни ижарага олиш харажатларини компенсация қилиш, касбий таълим олиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда ёрдам беришни назарда тутади. Шунингдек, кўчиб келганлар уй-жой сертификатини олиш учун ҳам ариза бериши мумкин. Дастур иштирокчиларини ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳам субсидиялар ажратилади.

Тўловлар миқдори ойлик ҳисоб кўрсаткичлари (ОҲК) асосида ҳисобланади. ТАСС ҳисоб-китобларига кўра, 2027 йилда барча шартларга риоя қилинган тақдирда, тўрт-беш кишидан иборат оила жами тахминан 20 минг доллар олиши мумкин.

Шу билан бирга, дастурда муайян чекловлар ҳам мавжуд. Жумладан, ўзининг туғилган ҳудудига қайтиб, у ерда аллақачон уй-жойга эга бўлган фуқаролар, шунингдек, янги яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтмаган шахслар тўловларни ололмайди.

Агар дастур иштирокчиси амалда янги ҳудудда яшамаётгани, у ерда беш йил давомида яшаш ва ишлаш шартини бажармаётгани, яқин қариндошидан ёки дастур доирасида белгиланган аҳоли пунктидан ташқарида уй-жой сотиб олгани ёхуд сохта ҳужжатлар ва нотўғри маълумотлар тақдим этгани аниқланса, олинган маблағларни қайтаришига тўғри келади.

Буйруқ 2027 йил 1 январдан кучга киради. Молиялаштиришга бўлган эҳтиёжни шакллантириш ва «Фуқаролар учун ҳукумат» давлат корпорацияси орқали тўловларни ўтказишни тартибга солувчи айрим қоидалар эса 2027 йил 1 июлдан амал қила бошлайди.

Янги буйруқ 2023 йил июнь ойида тасдиқланган ихтиёрий кўчириш қоидалари ва уларга кейинчалик киритилган ўзгартиришларни алмаштиради. Қозоғистонда бир неча йилдан буён турли кўчириш дастурлари амал қилиб келмоқда, бироқ ҳозиргача улар муваффақиятли дея баҳоланмаган.

Меҳнат вазирлигининг ўтган йилги ёздаги маълумотларига кўра, 2017 йилдан буён ихтиёрий кўчириш дастурларида 73,9 минг киши иштирок этган. Уларнинг 31 минг нафари доимий иш билан таъминланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ