Ўзбекистон клублари ОФК Элит чемпионлар лигасининг учинчи турида мағлубиятга учради

«Нефтчи» футболчилари. «Нефтчи» ФК фотосурати

«Нефтчи» ва «Пахтакор» ОФК Элит чемпионлар лигаси умумий босқичининг учинчи турида мағлубиятга учради. Фарғоналиклар ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубига 1:2 ҳисобида ютқазди, тошкентликлар эса Ироқда «Эйр Форс» жамоасига 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.

«Нефтчи» Фарғонада «Ал-Иттиҳод»ни қабул қилди ва 17-дақиқада ҳисобни очди. Жамшид Искандеров пенальтини аниқ амалга ошириб, мезбонларни олдинга олиб чиқди.

Саудия клуби танаффусга қадар ҳисобни тенглаштирди: 34-дақиқада Ҳуссем Ауар гол урди. «Ал-Иттиҳод» ғалаба тўпини 90-дақиқада киритди — захирадан майдонга тушган Юссеф Эн-Несири меҳмонларга жорий мусобақадаги илк ғалабани тақдим этди.

Уч турдан кейин «Нефтчи» ҳисобида уч очко бор. Фарғоналиклар умумий босқични Ироқнинг «Эйр Форс» клуби устидан ўз майдонида қозонилган 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлаган, кейин эса «Ал-Наср» ва «Ал-Иттиҳод»га мағлуб бўлганди.

«Пахтакор» учинчи тур учрашувини сафарда «Эйр Форс»га қарши ўтказди. Учрашувдаги ягона гол 70-дақиқада киритилди: Ироқ жамоаси сардори Саад Абдул Амир жарима зарбаси ижросидан кейин тўпни дарвозага йўллади.

Биринчи бўлимда мезбонлар ҳимоячисининг қўл билан ўйнаганидан сўнг ҳакам «Пахтакор» фойдасига пенальти белгилади, аммо VAR орқали вазиятни кўриб чиққач, қарорини бекор қилди. Иккинчи бўлимда тошкентликлар ҳисобни очиш учун бир нечта имкониятга эга бўлди, бироқ улардан фойдалана олмади.

Бу «Пахтакор»нинг умумий босқичдаги илк мағлубияти бўлди. Дастлабки икки турда жамоа мусобақанинг амалдаги ғолиби «Ал-Аҳли» ва Саудия Арабистонининг «Ал-Қодисия» клублари билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган эди. Учта учрашувдан кейин тошкентликлар икки очко тўплаган.

2 ноябрь куни бўлиб ўтадиган тўртинчи турда «Нефтчи» Эроннинг «Трактор» клубига қарши Маскатдаги нейтрал майдонда ўйнайди. «Пахтакор» эса Тошкентда Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» жамоасини қабул қилади.


ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ