Теҳрон инқилобий суди машҳур эронлик кинорежиссёр Жаъфар Паноҳийни сиртдан беш йилу бир ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Variety нашри Эроннинг Emtedad нашрига таяниб хабар берди.
Суд, шунингдек, Паноҳийнинг барча мол-мулкини мусодара қилишга, унга икки йил давомида мамлакатдан чиқишни ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашга қарор қилган.
Паноҳийнинг адвокати Мустафо Нили Emtedad нашрига маълум қилишича, янги ҳукм Теҳрон инқилобий судининг 26-бўлими томонидан чиқарилган. Бу 2025 йил декабрь ойида «тизимга қарши тарғибот» айблови бўйича тайинланган бир йиллик қамоқ жазосига алоқаси бўлмаган алоҳида суд қароридир. Адвокатнинг сўзларига кўра, суд Паноҳийга мажлис санаси ҳақида хабар бермаган. Режиссёр ҳукм ҳақида фақат ўтган ҳафта унинг банк ҳисоб рақамлари музлатилганидан кейингина билган.
Ҳар икки ҳукмни ижро этиш масаласи «суд ихтиёрига ҳавола қилинган». Бу ҳокимият органлари жазони исталган вақтда ижро этиш ҳуқуқини сақлаб қолишини англатади. Ҳозирча Паноҳий ҳибсга олинмаган.
Иш материалларида Паноҳий «Эрондан ташқарида экани» кўрсатилган. Аммо аслида режиссёр 2026 йил 30 март куни, яъни «Оскар» мукофотининг 98-тантанали тақдирлаш маросимидан кўп ўтмай, ватанига қайтган. Унинг «Бу шунчаки тасодиф эди» (It Was Just an Accident) фильми Франция номидан «Энг яхши халқаро тўлиқ метражли фильм» йўналишида «Оскар»га номзод қилиб кўрсатилган эди.
Нили ушбу тафовутга эътибор қаратган ва 2026 йил 20 май куни Маданият ва ОАВ соҳасидаги прокуратура Паноҳийни ҳибсга олиш учун ордер берганини маълум қилган. Қизиғи шундаки, айнан шу куни режиссёр бошқа иш бўйича суднинг яна бир бўлимидаги эшитувда иштирок этган.
Янги айбловларнинг моҳияти расман ошкор қилинмаган. Эроннинг ҳеч бир суд органи ҳукм матнини эълон қилмаган, суд тизимининг расмий ахборот агентлиги Mizan Online ҳам бу қарор ҳақида хабар бермаган. Адвокатнинг айтишича, ҳозирда Паноҳийга нисбатан учта иш кўриб чиқилмоқда. У сентябрь ойида улардан бири бўйича сўроққа чақирилган эди.
▪️ 66 ёшли Паноҳий Эрон «янги тўлқини» кинематографиясининг асосий намояндаларидан бири ҳисобланади. У Европанинг учта энг йирик кинофестивалида бош мукофотларга сазовор бўлган: Канн кинофестивалининг «Олтин камера» мукофоти (1995 йил, «Оқ шар»), Венеция кинофестивалининг «Олтин шер» мукофоти (2000 йил, «Доира») ва Берлин кинофестивалининг «Олтин айиқ» мукофоти (2015 йил, «Такси»). 2025 йилда унинг «Бу шунчаки тасодиф эди» фильми Канн кинофестивалининг «Олтин пальма шохи» мукофотини қўлга киритди. Эронда яширинча суратга олинган ушбу фильм режиссёрнинг қамоқдаги шахсий тажрибасига асосланган.
Паноҳий Эрон ҳукумати томонидан бир неча бор таъқибга учраган. 2010 йилда у олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, шунингдек, унга фильм суратга олиш, сценарий ёзиш ва хорижга чиқиш 20 йилга тақиқланган эди. 2022 йил июль ойида режиссёр жазони ўташ учун Теҳрондаги Эвин қамоқхонасига жойлаштирилган. У очлик эълон қилганидан сўнг, 2023 йил февраль ойида озод қилинган. 2023 йил апрель ойида ҳукумат сафар қилиш тақиқини бекор қилади ва бу Паноҳийга Канн кинофестивалида шахсан иштирок этиш имконини беради.
«Олтин пальма шохи»ни қўлга киритганидан кейин Паноҳий фильмни тарғиб қилиш мақсадида бир қатор халқаро сафарларни амалга оширади. Бироқ, унга Эронда бир йиллик қамоқ жазоси таҳдид солиб турганига қарамай, охир-оқибат ватанига қайтишга қарор қилади.
«Мен ўз мамлакатида бўлиши керак бўлган инсонлардан бириман. Менга у ерда нафас олиш ва ишлаш керак. Агар улар қамоқ жазосини қўллашса, қўллашсин. Ҳеч нарса қайтиш ҳақидаги қароримни ўзгартира олмайди», — деб тушунтирган у Variety нашрига берган интервьюсида ўз қарорини.



