Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЮЖАТИТИда 33 нафар боланинг вафот этгани ҳақида: «Тиббиёт ҳар доим ҳам ҳаётни сақлаб қола олмайди»

24.kg сайти фотосурати

Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида Бишкекдаги Юрак жарроҳлиги ва аъзолар трансплантацияси илмий-тадқиқот институтида (ЮЖАТИТИ) вафот этган 33 нафар боланинг аксарияти ҳаёт билан мос келмайдиган оғир туғма нуқсонларга эга бўлган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги комиссиясининг тиббиёт муассасасида ўтказилган хизмат текшируви натижаларига кўра, асосий хулоса шундай. Бу ҳақда вазир ўринбосари Нурбек Букуевга таяниб, «АКИpress» нашри хабар берди.

Мулозимнинг таъкидлашича, институтнинг жарроҳлик жамоаси оғир туғма нуқсонлари бўлган бир нечта боланинг ҳаётини ҳам сақлаб қолишга муваффақ бўлган.

«Тиббий ёрдам кўрсатилди. Менимча, бир болага аҳволи оғирлиги туфайли ҳатто ёрдам кўрсатишга ҳам улгуришмади. Қолганларга ёрдам берилди, аммо тиббиёт ҳар доим ҳам ҳаётни сақлаб қола олмайди», — дея текширув натижаларини хулосалади Букуев.

Унинг қўшимча қилишича, муассаса жамоасининг ўзи фаолиятини ўрганишни сўраган марказ директори Жалил Шейшенов ўз хоҳиши билан лавозимидан кетган. Ҳозирда раҳбар вазифасини бажарувчи шахс тайинланган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса ЮЖАТИТИ директори лавозимига бошқа номзодларни кўриб чиқмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, шунингдек, комиссия 2025 йилда содир бўлган ёнғиндан кейин институт биносини таъмирлаш жараёнида ташкилий камчиликларга йўл қўйилганини аниқлаганини маълум қилди. Шу билан бирга, Букуев таъкидлашича, тиббиёт маркази жамоасига беморлар ҳаётини сақлаб қолиш ва халққа хизмат қилишдек умумий мақсад атрофида бирлашиш тавсия этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил сентябрь ойи охирида ЮЖАТИТИ жамоаси институт директори Жалил Шейшенов фаолиятини текширишни сўраб, Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилган эди. Бунга у раҳбарлик қилган тўққиз ой давомида кичик ёшдаги беморлар орасида ўлим ҳолатлари 33 тага етгани сабаб бўлган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан деярли икки баравар кўп: ўшанда 18 нафар бола вафот этган.

Шейшеновнинг ўзи вазиятни болалар муассасага оғир аҳволда олиб келингани билан изоҳлаган эди. Унинг сўзларига кўра, 26 нафар бола операциядан кейин вафот этган, яна етти нафари эса жарроҳлик амалиётигача яшаб қолмаган.

Бироқ, жарроҳлар ишига 2025 йил февраль ойида содир бўлган ёнғин оқибатлари ҳам таъсир кўрсатган. Фавқулодда ҳодиса натижасида ўша пайтда ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратларига уланган икки нафар бола ҳалок бўлган — уларни ёнаётган бинодан зудлик билан эвакуация қилишнинг имкони бўлмаган. Яна бир неча киши ис газидан заҳарланган.

Ҳодисадан кейин марказда сифатли таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. Юрак жарроҳлиги амалиётларини ўтказиш учун Қирғизистонга миссия ташкил қилган америкалик анестезиолог Алишер Дадабаев унинг жамоаси ёнғин содир бўлган бинода ишлашга мажбур бўлганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, муассасада мутлақо санитария талабларига риоя қилинмаган, шунингдек, асбоб-ускуналар, стерилизация учун автоклавлар, дори-дармонлар ва сарф материаллари етишмаган. Натижада режалаштирилган 40–50 та операциядан фақат 22 тасини ўтказишга муваффақ бўлинган. Инфекциялар ва сепсис каби асоратлар туфайли учта операция ўлим билан якунланган. Бу натижалар фонида республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги миссия фаолиятини тўхтатган. Ваҳоланки, аввалроқ айнан шу жарроҳлар Ўзбекистонда 120 нафар болани операция қилган ва беморлар орасида бирорта ҳам ўлим ҳолати қайд этилмаган.

  • Қозоғистон сунъий интеллект пойгасида АҚШ ва Хитой ўртасида қандай мувозанат сақламоқда

  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?