Қозоғистон OpenAI дастурчисини Россияга депортация қилди ва у ерда йигит хоинликда айбланиб ҳибсга олинди

tizgin.kz сайти фотосурати

Йигирма беш ёшли IT дастурчиси Александр Качкуркин Қозоғистондан Россияга депортация қилинди. Етиб келганидан сўнг, у хоинликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Первый отдел» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси хабар берди.

Качкуркин Қримда туғилиб ўсган. У 2014 йили, 14 ёшида Россия паспортини олган. У сиёсий сабабларга кўра Қозоғистонга кўчиб ўтган. Сўнгги йилларда у Олмаотада яшаб, DevOps муҳандиси ва дастурчиси бўлиб ишлаган. Унинг мижозлари орасида Американинг OpenAI компанияси ҳам бўлган.

28 январь куни Качкуркинга иккита маъмурий ҳуқуқбузарлик айблови қўйилган: кўчани белгиланмаган жойда кесиб ўтиш ва чилим чекиш. Инсон ҳуқуқлари фаоллари иккала айблов ҳам уйдирма эканини таъкидлайдилар. Баённома тузилганидан сўнг, полиция Качкуркинни «Қозоғистон Республикаси қонунлари ва суверенитетига ҳурматсизлик қилгани учун» депортация қилишни талаб қилиб судга мурожаат қилган.

Баённомадан тортиб депортациягача бўлган бутун жараён бир неча соат давом этган, бундай тартиблар одатда бир неча ҳафта ёки ой давом этади. Качкуркинни шошилинч равишда Россияга жўнатишган. Парвоз тугагандан сўнг у дарҳол самолётда ҳибсга олинган ва судга олиб кетилган, суд эса уни ҳибсда ушлаб туришга қарор чиқарган.

Россияда у Украинага пул ўтказгани учун давлатга хиёнат қилишда айбланмоқда. Россия Жиноят кодексининг 275-моддасига кўра, Качкуркин 12 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Бир неча кун олдин, 30 январь куни Қозоғистон ҳозирда Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган чечен фаоли Мансур Мовлаевни Россияга депортация қилиш ниятини маълум қилди. Ўтган йил декабрь ойида Қозоғистон расмийлари унга қочқин мақомини беришдан бош тортгандилар.

Мовлаев Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни қаттиқ танқид қилиши ва республикадаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ва сиёсий қатағонларга қарши норозиликлари билан танилган. У гиёҳванд моддалар савдоси айбловлари билан бир неча йил Россия қамоқхонасида ўтирган. Озод қилинганидан сўнг, у аввал Қирғизистонда, сўнг Қозоғистонда яшаган ваб у ерда 2025 йил май ойида РФ илтимосига биноан ҳибсга олинган. Ўз ватанида у экстремизмни молиялаштиришда айбланиб, федерал қидирувга берилган.