Россиядан Қозоғистонга ётқизиладиган янги газ қувурининг ишга туширилиши санаси маълум бўлди

Даурен Абаев. gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларини таъминлаш учун мўлжалланган «Ишим-Остона» магистрал газ қувури 2030 йил 1 январда ишга туширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Даурен Абаев «Комсомольская правда» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

У эълон қилинган муддатлар «даставвал» эканига аниқлик киритди.

«Газпром» ва Қозоғистон 2025 йил октябрь ойида республикага янги газ қувурини ётқизиш бўйича меморандум имзолаган. Расмий маросим XIV Петербург халқаро газ форумида бўлиб ўтди.

Бундан бир неча ой олдин Россия ҳукумати сайтида Қозоғистоннинг шимолий ва шимоли-шарқий вилоятларини ёқилғи билан таъминлаш учун магистрал газ қувурини қуриш бўйича буйруқ эълон қилинган эди. Унда қувур қуввати 10 миллиард куб метр, компрессор станциялари эса 50 МВт қувватга эга бўлиши айтилганди.

Қозоғистонга газ Ғарбий Сибирдаги конлардан етказиб берилиши кутилмоқда.

Дастлабки вариантлардан бирига кўра, қувур Россиядан Қозоғистон шимоли-шарқидан ўтиб, Хитойгача чўзилади. Қозоғистон расмийларига кўра, ушбу лойиҳа бўйича муҳокамалар давом этмоқда. Бироқ, экспертлар «Газпром» ва Хитойнинг CNPC компанияси ўртасида «Сила Сибири-2» қурилиши ва Мўғулистон орқали транзит газ қувури ётқизилиши бўйича қонуний кучга эга бўлган меморандум имзолаганидан сўнг, мазкур лойиҳанинг амалга оширилишини шубҳа остига олдилар.