Ўзбекистонда Amazon Leo интернети ишга тушади

АҚШдаги мазкур компания Ўзбекистонда интернет хизматларини кўрсатишни бошлайди. Унинг маҳаллий ҳамкори Uz-Sat бўлади. Бу борада тегишли келишув имзолангани ҳақида Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, ушбу ҳужжатлар Тошкентда 16–18 июнь кунлари бўлиб ўтаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланган.

Amazon Leo сунъий йўлдош алоқа тармоғи хизматлардан фойдаланувчилар нафақат шаҳар ҳудудларида, балки телекоммуникация инфратузилмаси чекланган ёки мавжуд бўлмаган олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари ҳамда ҳудудларда ҳам фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Интернетга уланиш Amazon Leo томонидан тақдим этиладиган компакт терминаллар орқали амалга оширилади. Улар уч турда таклиф этилади: Nano, Pro ва Ultra. Махсус ресурсларда қайд этилишича, Nano қурилмаси оддий фойдаланувчилар учун мўлжалланган бўлиб, 100 Мбит/с дан бошланадиган тезликда интернетга кириш имконини беради. У Pro версияга нисбатан энг асосий, шахсий фойдаланиш учун мос вариант ҳисобланади. Ultra эса саноат даражасидаги антенна бўлиб, унинг ёрдамида интернет алоқаси 1 Гбит/с гача етиши мумкин. Шу тариқа АҚШ компанияси ҳам жисмоний шахслар, ҳам йирик корхоналар эҳтиёжини қондиришни мақсад қилмоқда.

Ўзбекистон минтақада Amazon Leo билан алоқа ўрнатган биринчи давлат эмас. Ўтган йил сентябрда АҚШдаги ушбу оператор Қозоғистонда ҳам хизмат кўрсатишни бошлаши ҳақида хабар берилган эди. У ерда америкаликларнинг ягона эксклюзив ҳамкори “Қазахтелеком” бўлади. Ўша пайтда ОАВ ушбу келишув Amazon Leoнинг Марказий Осиёдаги ҳажм жиҳатидан биринчи йирик инвестицияси эканини ҳам ёзган эди.

ℹ️ Amazon Leo лойиҳаси (илгариги номи Project Kuiper) — паст Ер орбитасида жойлаштирилган 3000 дан ортиқ сунъий йўлдошлардан иборат тармоқ бўлиб, у дунёнинг исталган нуқтасида юқори тезликдаги кенг полосали интернетдан фойдаланишни таъминлашга қаратилган. Ушбу йўналишни ривожлантиришга Amazon томонидан йўналтирилаётган инвестициялар 10–20 миллиард доллар атрофида деб баҳоланади. Лойиҳа Илон Маск томонидан асос солинган SpaceX компаниясига тегишли Starlink интернет тармоғининг асосий рақобатчиларидан бири ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ