Қозоғистондаги энг йирик газ-конденсат конларидан бири — Қорачиғаноқда — суткасига 34 минг тоннадан 25 минг тоннагача газ қазиб олиш қисқартирилди. Бу ҳақда Энергетика вазири Ерлан Аккенженов маълум қилди, деб ёзади Kursiv.kz.
Вазир сўзларига кўра, қазиб олиш ҳажмининг тахминан 9 минг тонна/суткага қисқариши Россияда жойлашган Оренбург газни қайта ишлаш заводи томонидан газ қабул қилишнинг камайиши билан боғлиқ. Мазкур завод инфратузилмаси Украина дронлари ҳужуми оқибатида шикастлангани айтилмоқда.
Аккенженов таъкидлашича, Қозоғистон ичидаги газ таъминоти бузилмаган ва барқарор сақланиб қолган.
«Ҳозирги кунда биз газ етказиб бериш бўйича барча мажбуриятларимизни тўлиқ ҳажмда бажармоқдамиз», — деди у.
QOS Live канали аниқлашича, қазиб олиш ҳажмининг камайиши жиддий ҳисобланмайди, чунки у тижорат гази ҳажмини қисқартириш ҳисобига қопланмоқда.
Оренбург газни қайта ишлаш заводи Қозоғистон учун муҳим аҳамиятга эга: у республикада истеъмол қилинадиган товар газнинг тахминан 30 фоизини қайта ишлайди.
Ўтган кузда Украина дронлари ҳужуми сабаб завод бир ой давомида Қозоғистон газини қабул қилишни тўхтатган эди. Ўшанда Қозоғистон Қорачиғаноқда нефть ва газ конденсати қазиб олишни 25–30 фоизга қисқартиришга мажбур бўлганди.
Қорачиғаноқ — Қозоғистоннинг ғарбий қисмида жойлашган йирик нефть ва газ конденсати конларидан бири. У ерда қазиб олинган газнинг бир қисми қайтадан қатламга ҳайдалади, қолган ҳажми эса қайта ишлаш учун Россиядаги Оренбург газни қайта ишлаш заводига юборилади, чунки коннинг ўзида қайта ишлаш қувватлари мавжуд эмас.



