Тожикистонда энг юқори маошни молиячилар ва суғурта соҳаси ходимлари олади

vecherka.tj сайти фотосурати

Жорий йилнинг январь–май ойларида Тожикистонда ўртача ойлик маош 3,2 минг сомонидан (тахминан 345 АҚШ доллари) сал юқори бўлган. Шу билан бирга, энг юқори иш ҳақи — 8,3 минг сомони (895 АҚШ доллари) даражасида — молиявий воситачилик ва суғурта соҳасидаги ходимларда қайд этилган. Бу ҳақда «Азия-Плюс» Тожикистон Республикаси президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботига таяниб хабар берди.

Агентлик маошларни уч йўналишга бўлиб ўрганган: реал сектор, хизмат кўрсатиш соҳаси ва ижтимоий соҳа. Биринчи тоифада ўртача иш ҳақи тахминан 3,5 минг сомони (377 АҚШ доллари)га етган бўлиб, йиллик ҳисобда 19,4 фоизга ошган. Бу йўналишда энг юқори маошлар «электр энергияси, газ, буғ ва кондициялаш» ҳамда «фойдали қазилмаларни қазиб олиш» соҳалари ходимларига тегишли. Улар ўртача 5,7 минг сомони (614 доллар) ва 5,1 минг сомонидан (550 доллар) ортиқ иш ҳақи олади. Учликни қурилиш соҳасида банд бўлганлар якунлайди — уларнинг ўртача маоши деярли 4 минг сомони (430 доллар) атрофида. Энг паст кўрсаткич эса қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ходимларида қайд этилган бўлиб, уларда иш ҳақи 1,5 минг сомонидан (161 доллар) сал юқори.

Хизмат кўрсатиш соҳасида ўртача маошлар ҳисобот даврида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,6 фоизга ошиб, 3,2 минг сомони (344 АҚШ доллари)га етган. Бу соҳада энг юқори маошни молиячилар ва суғуртачилар олади — 8,3 минг сомони (895 доллар). Топ-3 таркибига «ахборот ва алоқа» соҳаси — 6,4 минг сомони (690 доллар), шунингдек «транспорт ва юк ташиш» — қарийб 3,7 минг сомони (399 доллар) киради.

Ижтимоий соҳадаги ходимларнинг маоши йиллик ҳисобда ошган бўлса-да, нисбатан паст даражада қолмоқда. Хусусан, ўқитувчилар ўртача 3,1 минг сомони (334 доллар), тиббиёт ходимлари эса тахминан 2,3 минг сомони (247 доллар) маош олади.

Умуман олганда, мамлакатда номинал иш ҳақлари 20,3 фоизга ошган, реал иш ҳақлари (товар ва хизматлар нархларининг ўсиши ҳисобга олинган ҳолда) эса 16,1 фоизга кўпайган.

Демак, таҳлил идораси хулосасига кўра, аҳоли даромадлари инфляциядан тезроқ ўсмоқда.

«Азия-Плюс» шунингдек CEOWORLD Magazine нашри эксперти маълумотларига таяниб, 2025 йил учун дунё мамлакатларида ўртача ойлик соф маошлар кўрсаткичларини келтиради. Унга кўра, Тожикистон мазкур рейтингда 138-ўринни эгаллаб, ўртача 276 АҚШ доллари даражасидаги кўрсаткич билан қайд этилган.

Қайд этилишича, республика бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёдаги барча қўшниларидан ортда қолмоқда:

✅ Қозоғистон — умумий рейтингда 77-ўрин, ўртача маош 780 доллар;

✅ Туркманистон — 80-ўрин, 761 доллар;

✅ Ўзбекистон — 117-ўрин, 458 доллар;

✅ Қирғизистон — 132-ўрин, 335 доллар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ