Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми камайди, Қозоғистон ва Жанубий Корея улушлари тенглашди

2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Россиянинг Ўзбекистонга пул ўтказмаларидаги улуши 72,4 фоизгача пасайди. Бу кўрсаткич бир йил давомида 5,2 фоиз бандга камайган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки маълум қилди.

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга хориждан юборилган пул ўтказмалари ҳажми 3,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кўпдир.

Марказий банк матбуот хизматига кўра, Россия улушининг 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача қисқариши йил бошидан патент тўловлари миқдорининг оширилиши, март ойида рубль курси қадрсизланиши ҳамда меҳнат миграцияси географиясининг кенгайиши билан изоҳланган.

Шу билан бирга, бошқа давлатларнинг улуши ошган. Қозоғистоннинг улуши 1 фоиз бандга кўпайиб, 4,1 фоизга етган. Жанубий Кореянинг улуши ҳам 0,6 фоиз бандга ўсиб, 4,1 фоизни ташкил қилган.

Европа мамлакатларининг улуши ҳам 1 фоиз бандга ошиб, 3,3 фоизга етган. Бошқа барча давлатларнинг улуши эса 2,6 фоиз бандга кўпайиб, 16,2 фоизни ташкил қилган.

Марказий банк матбуот хизматида алоҳида давлатлар бўйича пул ўтказмалари ҳажмининг аниқ рақамлари келтирилмаган. Бироқ кўрсатилган улушлар 3,8 миллиард АҚШ долларлик умумий ҳажмга татбиқ этилса, Россиядан тахминан 2,75 миллиард доллар, Қозоғистон ва Жанубий Кореядан ҳар бирига қарийб 155,8 миллион доллар, Европа мамлакатларидан тахминан 125,4 миллион доллар, бошқа давлатлардан эса қарийб 615,6 миллион доллар ўтказилгани келиб чиқади.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Россияда патент асосида 1,34 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилган. Бу кўрсаткич ўтган чоракка нисбатан 8,8 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 1,8 фоизга камайган. Марказий банк бу пасайишни мавсумий омиллар ҳамда ташқи меҳнат бозорларидаги шароит ўзгариши билан изоҳлаган.

Шу билан бирга, 2026 йилнинг биринчи чорагида Туркия томонидан Ўзбекистон фуқароларига берилган меҳнат рухсатномалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга ошиб, қарийб 70 мингтани ташкил қилди. Жанубий Кореядаги Ўзбекистон фуқаролари сони эса биринчи чоракда 99,6 минг нафарга етган.

2026 йилнинг биринчи чорагида жами 1,63 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси хорижга чиққан. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,6 фоизга кўпдир. Ҳаво транспорти орқали ташилган йўловчилар сони 2,25 миллион нафарга етган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга ошган.

Марказий банк қайд этишича, пул ўтказмалари таркибини диверсификация қилиш жараёни давом этмоқда. Бироқ, унинг суръати ва давомийлиги ташқи меҳнат бозорларидаги вазият ҳамда асосий ҳамкор давлатлардаги макроиқтисодий шароитга боғлиқ.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ