Конституциявий суд Тўқаевга яна президентликка номзодини қўйишга рухсат берди

Оқўрда матбуот хизмати фотосурати

Қозоғистон Конституциявий суди қарорига кўра, мамлакатнинг амалдаги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга яна давлат раҳбари лавозимига номзодини қўйиш имкони берилди.

Ҳужжатга мувофиқ, янги Конституция қўлланилганда 1995 йилги Конституция амал қилган даврда тегишли лавозимларда бўлган муддатлар ҳисобга олинмайди.

Судда тушунтирилишича, чекловлар (жумладан, лавозимда бўлиш муддати бўйича) фақат 2026 йилги Конституция кучга кирганидан сўнг амалга оширилган сайлов ва тайинловларга татбиқ этилади.

Аввалги Асосий қонун бўйича давлат лавозимларини эгаллаган шахслар конституциявий ислоҳотдан сўнг яна сайланиши ёки тайинланиши мумкин. Бунда бу ҳолат биринчи сайлов ёки тайинлов сифатида кўриб чиқилади.

Шу тариқа, амалдаги президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзи бошлаган конституциявий ислоҳот натижасида президентлик муддати бир марта етти йил билан чекланган бўлса-да, давлат раҳбари лавозимига яна номзодини қўйиши мумкин бўлади.

Тўқаевнинг ҳозирги президентлик муддати 2022 йил 20 ноябрдан бошланган ва 2029 йил ноябрида якунланиши керак.

Мамлакатнинг янги Асосий қонуни март ойида референдумда маъқулланган ва жорий йил 1 июлдан кучга кирган. У давлат тузилишининг янги тизимини, жумладан, бир палатали парламентга ўтишни ҳам белгилаб беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ