Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудидан Омск томон дронлар учирилгани ҳақидаги хабарларни инкор этди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Омск вилоятига ҳужум қилган учувчисиз қурилмалар (дронлар) Қозоғистон ҳудудидан учирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотларни рад этди. Ташқи сиёсат маҳкамаси бу ҳақда Tengrinews.kz сўровига жавобан маълум қилди.

Омск вилоятига дронлар ҳужумидан сўнг Россиянинг айрим оммавий ахборот воситаларида дронлар Қозоғистон ҳудудидан учирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Бунга далил сифатида Омск шаҳрининг Қозоғистон чегарасига яқин жойлашгани ва айрим экспертларнинг, жумладан Борис Джерелиевскийнинг фикрлари келтирилган.

Қозоғистон ТИВ бундай баёнотларни асоссиз деб атади.

«Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги масъулият билан шуни маълум қиладики, мазкур даъволар ҳақиқатга тўғри келмайди ва ҳеч қандай маълумот ёки далиллар билан тасдиқланмайди. Биз бундай нашрларни Қозоғистон ва Россия ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатлар хусусиятини бузиб кўрсатишга қаратилган асоссиз иддаолар сифатида баҳолаймиз», — дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик таъкидлашича, Қозоғистон яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига асосланган тинчликпарвар ва мувозанатли ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, мамлакат халқаро ҳуқуқ меъёрларига қатъий риоя қилади.

Вазирлик, шунингдек, Қозоғистон ҳудуди, ҳаво бўшлиғи ва инфратузилмасидан бошқа давлатларга қарши қаратилган ҳаракатларни амалга ошириш учун фойдаланиш мумкин эмаслигини маълум қилди.

Қозоғистон ТИВ оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакилларини текширилган фактларга таянишга ҳамда ишончсиз маълумотларни тарқатишдан тийилишга чақирди.

6 июль куни Украина учувчисиз учиш қурилмалари Украина чегарасидан 2,5 минг километр ва Қозоғистон чегарасидан тахминан 130 километр узоқликда жойлашган Омск шаҳрига ҳужум қилди. Омск вилояти губернатори Виталий Хоценко дронларнинг бир қисми уриб туширилганини, аммо бир нечта учувчисиз қурилма Омск нефтни қайта ишлаш заводига етиб борганини ва у ерда ёнғин чиққанини маълум қилди. Омск НҚЗ — Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи ҳисобланади. Reuters маълумотларига кўра, ҳужумдан сўнг корхона хом ашёни қайта ишлаш жараёнини тўхтатган.