Остона суди «Газпром» ва «Нафтогаз»нинг миллиардлаб долларлик иши бўйича аввал қабул қилган қарорини бекор қилди

pexels фотосурати

«Астана» Халқаро молия маркази (АХММ) суди Украинадаги «Нафтогаз» компанияси фойдасига қабул қилинган арбитраж қарорини Қозоғистон ҳудудида тан олиш ва ижро этиш ҳақидаги ўз фармойишини бекор қилди, деб хабар берди Reuters. Низо Россиянинг «Газпром» компаниясидан газ транзити ҳажмларини таъминламагани учун тахминан 1,4 миллиард доллар миқдоридаги жаримани ундириш масаласига тааллуқли.

Аввалроқ Швейцариядаги Халқаро савдо палатаси (ICC) ҳузуридаги арбитраж «Нафтогаз» фойдасига қарор чиқарган эди. Май ойида эса АХММ суди ушбу қарорни тан олиш ва уни Қозоғистон ҳудудида ижро этишга рухсат берганди. Энди эса Қозоғистон суди мазкур арбитраж қарорини ижро этиш бўйича ваколатга эга эмас деган хулосага келиб, аввалги фармойишини бекор қилди, деб таъкидлайди агентлик.

Шу билан бирга, АХММ судининг май ойидаги қароридан сўнг Қозоғистон ҳукумати ушбу низодан деярли дарҳол ўзини четга олди. Адлия вазирлиги республика бу қарорни ўз ҳудудида ижро этмаслигини ва мазкур масалага «ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» маълум қилди.

Нафтогаз» ва «Газпром» ўртасидаги низо 2019 йилда тузилган Россия газини Украина ҳудуди орқали транзит қилиш бўйича шартномадан келиб чиққан. 2022 йилда Россия Украина ҳудудига кенг кўламли босқинидан сўнг, «Сохрановка» нуқтаси орқали транзит амалга ошириш имкони бўлмай қолган. Шунга қарамай, «Нафтогаз» «Суджа» пункти орқали хизмат кўрсатишда давом этган, аммо «Газпром» утказиб бериш хизматлари учун тўлиқ тўлов қилишдан бош тортган.

2022 йил сентябрь ойида «Нафтогаз» Швейцариядаги Халқаро савдо палатаси (ICC) арбитражига мурожаат қилган. 2025 йил июнь ойида арбитраж трибунали Украина компанияси даъволарини тўлиқ қаноатлантирган, 2026 йил январь ойида эса Швейцария Федерал суди «Газпром»нинг апелляция шикоятини рад этган. Шундан сўнг «Нафтогаз» Россия компанияси активларини ундириш мақсадида арбитраж қарорини турли юрисдикцияларда тан олиш ва ижро этишга эришиш ишларини бошлаган.