Афғонистонлик тадбиркорлар ва Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти ишбилармон доиралари вакиллари умумий қиймати 267 миллион доллар бўлган 20 та савдо келишувини имзолади. Бу ҳақда Афғонистон Саноат ва савдо вазирлиги маълум қилди, деб хабар беради Pajhwok Afghan News.
Келишувлар 30 август куни Қобулда икки давлат хусусий сектор вакилларининг ишбилармонлик учрашуви доирасида имзоланган. Унда Афғонистон Саноат ва савдо вазири ўринбосари Аҳмадулла Зоҳид, Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Шуҳрат Муродов, Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчиси, шунингдек, тадбиркорлар ва инвесторлар иштирок этган.
Афғонистон вазирлиги маълумотларига кўра, келишувлар озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик ва қурилиш материалларини етказиб бериш, шунингдек, чорвачилик, электроника ва мебель ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорликни қамраб олади.
Аҳмадулла Зоҳид ўзаро делегациялар ташрифидан сўнг Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳамда савдо ҳажми ошганини таъкидлади. У савдо ва транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш, шунингдек, бизнес учун мавжуд тўсиқларни бартараф этишга чақирди.
Афғонистонлик амалдор, шунингдек, мамлакат учун транзитнинг муҳим аҳамиятини қайд этиб, вазирлик Афғонистон экспорт товарларини Ўзбекистон ҳудуди орқали ташиш масаласини Тошкент билан муҳокама қилишга тайёр эканини таъкидлади.
Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Шуҳрат Муродов, ўз навбатида, вилоят Афғонистон делегациялари ва тадбиркорларини қабул қилишга, шунингдек, афғон экспорт товарларини Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга ташишга кўмаклашишга тайёр эканини маълум қилди.
Янги келишувлар икки мамлакат ўртасида иқтисодий алоқалар жадал кенгайиб бораётганининг навбатдаги босқичи бўлди. Июль ойида Кобулда Афғонистон–Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтганди ва унинг якунига кўра яна 22 та савдо келишуви имзоланганди. Форумда икки мамлакатдан 600 га яқин тадбиркор, инвестор ва давлат органлари вакиллари иштирок этган.
Ўшанда Афғонистон Саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги йиллик савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказишга умид билдирган. Ўзбекистон, шунингдек, логистика инфратузилмасини ривожлантириш, савдо марказларини ташкил этиш ҳамда Афғонистоннинг энергетика, қишлоқ хўжалиги ва саноат секторларига инвестиция киритишга тайёрлигини маълум қилган.
Қобул учун Ўзбекистон билан савдо алоқаларини ривожлантириш Афғонистон–Покистон чегарасида сақланиб қолаётган муаммолар шароитида алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон Афғонистонга Марказий Осиё билан савдо ва транзитни амалга ошириш учун муқобил йўналишни тақдим этади.
Шу билан бирга, 30 август куни имзоланган келишувлар хусусий сектор вакиллари ўртасида тузилган. Афғонистон ҳукумати ҳозирча муайян лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари ва ушбу келишувлар доирасидаги амалдаги етказиб бериш ҳажмларини ошкор қилмаган.



